Путин мигрантлар учун божларни оширди
Олам
−
31 Июль 10015 1 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин бугун, 31 июль куни янги давлат божхона тўловларини жорий этиш ва мавжудларини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади. Қонун матни норматив ҳужжатлар порталига жойланди.
Унга кўра, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномаси нархи 2-3 минг рубль ўрнига 4-6 минг рубль бўлади, автомобилни рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамини олиш эса 2 минг рубль ўрнига 3 минг рублга тушади. Транспорт воситаси паспортини (ПТС) олиш учун тўлов 800 рубль ўрнига 1,2 минг рубль этиб белгиланган. Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси учун тўлов эса 1,6 минг рубль ўрнига 3,2 минг рубль бўлади.
Шунингдек, ҳужжатда мигрантларни вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун 500 рубль миқдорида давлат божи жорий этилиши белгиланган. Мигрантларга патент бериш ёки уни қайта расмийлаштириш бўйича тўлов эса 4,2 минг рублни ташкил этади. Хорижликларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун бож 430 рубль ўрнига минг рублгача оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси депутатлари мигрантларнинг хорижга юборадиган пул маблағларига чеклов қўйишни таклиф қилганди.