Путин “МДҲда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида қўшма корхоналар ташкил этишни таклиф қилди.

Олам

image

Бугун, 9 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин Сочида МДҲ ва ЕОИИ давлатлари ҳукумат раҳбарлари билан учрашди ва уларга “ЕОИИда ишлаб чиқарилган” ёки “МДҲда ишлаб чиқарилган” умумий савдо белгиси остида қўшма корхоналар ташкил этишни таклиф қилди. 

“Саноат кооперациясидаги фаолликни янада ошириш, жумладан, “ЕОИИда ишлаб чиқарилган” умумий савдо белгиси остида қўшма корхоналар ташкил этиш зарур. Агар у "МДҲда ишлаб чиқарилган" умумий бренди остида бўлса ҳам, ҳеч ким қарши эмас. Бу муҳим эмас – асосийси, барча мамлакатларимизда самарали ҳамкорлик ривожланмоқда. Бундай бренд ёки брендлар барча мамлакатларимиздаги истеъмолчилар орасида таниқли ва машҳур бўлиб қолиши муҳим”, деган Владимир Путин.

Шунингдек, у иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳаларда интеграция жараёнларини рағбатлантириш бўйича қатор вазифаларни ҳал этиш зарурлигини айтган. Иқтисодиётнинг таянч тармоқларида технологик суверенитетни мустаҳкамлаш, муҳим тармоқларда ҳақиқий технологик ўзини-ўзи таъминлашга эришишга алоҳида эътибор қаратишга чақирган.

Бундан ташқари, Россия етакчиси электрон давлат хизматлари ва электрон ҳукумат тизимларини бирлаштирувчи ягона рақамли экотизимни шакллантириш бўйича ишлаш кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у давлатлар ижро ҳокимияти ва марказий банклари орқали фаолиятни фаоллаштириш кераклигини ҳам айтган.

Маълумот учун, Сочида Евроосиё Конгресси, Евроосиё Ҳукуматлараро Кенгаши, МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлислари, III Евроосиё Конгресси ҳамда “Евросиё – бизнинг уйимиз” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Куба, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мазкур тадбирлар давомида россиялик мавқедоши Михаил Мишустин билан икки томонлама учрашув ўтказган ва унда “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” мультимодал транспорт йўлагини яратишни таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг