Путин катта давлатларнинг йиғилишига бормайди

Олам 8073
image
-

Бугун, 10 ноябрь куни Индонезия ҳукумати расмийси Жоди Маҳарди Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 15-16 ноябрида Бали мезбонлик қиладиган  G20 (йирик иқтисодиётли 20 та давлат) саммитида қатнашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

Қайд этилишича, Бали саммитига Путин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни вакил қилиб юборади. Шунингдек, Путин учрашувлардан бирида онлайн тарзда иштирок этиши кутилмоқда.

Ғарб давлатлари ва Украинанинг босимига қарамай, Индонезия саммитга мезбонлик қилувчи давлат сифатида Россия етакчисини йиғилишга таклиф қилганди. Индонезия Россияни G20дан чиқариб юбориш кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларга ҳам қарши чиққан. Яъни, барча аъзоларнинг якдил келишувисиз буни амалга ошириб бўлмайди.

Индонезия Президенти Жоко Видодо “Financial Times” газетасига берган интервьюсида “Россия, саммитга хуш келибсан”, деб айтган. У саммитнинг халқаро кескинликнинг жуда хавотирли кучайиши соясида қолишидан хавотир билдирган.

“Катта йигирматалик сиёсий форум бўлиши учун мўлжалланмаган. У иқтисод ва тараққиёт ҳақида бўлиши керак”, деган Видодо.

Шунингдек, Индонезия Украина Президенти Владимир Зеленскийни ҳам саммитга таклиф қилган. Зеленский саммитда Путин ҳам қатнашса, унда иштирок этмаслигини маълум қилган. Кейинчалик маълум бўлдики, Зеленский G20 музокараларда онлайн иштирок этади.

Маълумот учун, 15 ноябрда бошланадиган саммитда бир қатор дунё етакчилари, жумладан, АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин иштирок этиши кутилмоқда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 251
Рейтинг: 3
t
×