Путин Қодировни Александр Невский ордени билан мукофотлади

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия Президенти Владимир Путин унга Александр Невский ордени топширганини айтди. 

“Россия Президенти Владимир Путиннинг фармони билан мен юксак мукофот – Александр Невский ордени билан тақдирландим. Ватанимиз фаровонлиги йўлидаги камтарона хизматларимга бундай баҳо берилиши мен учун катта шарафдир. Барчамиз учун чинакам йўлбошчи, чинакам ватанпарварликнинг ёрқин намунаси бўлган Олий Бош қўмондон қўлидан шундай салмоқли мукофот олганимдан чексиз фахрланаман”, деб ёзди Чеченистон раҳбари ўзининг Telegram-каналида. 

У матнга Россия Федерацияси Президенти билан тушган суратни иловага қилган. Қодиров унинг хизматларига берган юксак баҳоси учун миннатдорлик билдирди ва олға боришга ишонтирди. 

“Яна бир бор Президентимизга юксак мукофот ва ишонч учун миннатдорлик билдираман! Ишончим комилки, бундай доно ва узоқни кўра оладиган раҳбар билан биз ҳар қандай қийинчиликларни енгишимиз мумкин, чунки унинг сиёсати биринчи навбатда Россиянинг кўп миллатли ва кўп конфессияли халқининг фаровонлигига қаратилган”, дея қўшимча қилди Чеченистон раҳбари.

Қодиров шу йилнинг июль ойида Путиннинг фармони билан Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин таклифига биноан Александр Невский ордени билан тақдирланганини эълон қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бор Владимир Путин ушбу орденни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга топширган эди. 

Маълумот учун, Александр Невский ордени Россия империяси, Совет Иттифоқи ва Россия Федерациясининг мукофотлаш тизимларида (маълум ўзгаришлар билан) мавжуд бўлган ягона мукофотдир. Россия империясида 1725-1917 йилларда Авлиё Александр Невский ордени, СССРда 1942-1991 йилларда Александр Невский ордени мавжуд эди. 1991 йилда Иттифоқ қулагач, Россия Президенти СССРдаги мукофотлаш тизимини сақлаб қолган.

Александр Невский ордени билан давлат хизматида лавозимларни эгаллаган Россия Федерацияси фуқаролари давлат қурилишида Ватан олдидаги алоҳида шахсий хизматлари, кўп йиллик виждонан хизмати ва хизмат вазифаларини бажаришда эришган юқори натижалари, Россиянинг халқаро нуфузини, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ва иқтисодий ривожланишини мустаҳкамлашда, фан, таълим, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматлари, шунингдек, Россия Федерацияси фуқаролари иқтисодиёт, илмий-тадқиқот, ижтимоий-маданий, маърифий ва бошқа ижтимоий фойдали фаолият турлида юқори шахсий ютуқлари учун мукофотланади.

Александр Невский ордени билан ҳарбий-тиббиёт ташкилотлари ҳарбий хизматчиларни соғлигини сақлаш соҳасида эришган юксак ютуқлари учун тақдирланиши мумкин.

Бундан ташқари, Александр Невский ордени билан таниқли хорижий сиёсий ва жамоат арбоблари, хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари вакиллари Россия Федерацияси билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўрсатган хизматлари учун мукофотланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг