Путин Грузия учун кутилмаган қарорни имзолади

Олам

image

Жорий йилнинг 15 майидан бошлаб Грузия фуқаролари Россияга 90 кунгача визасиз боришлари мумкин. Бу ҳақда бугун, 10 май куни эълон қилинган Россия Президентининг фармонида маълум бўлди.

Белгиланишича, шу йилнинг 15 май кунидан бошлаб Грузия фуқаролари Россия Федерациясига киришлари ва Россия Федерациясидан уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида визаларсиз чиқиб кетишлари мумкин. Улар меҳнат фаолиятини амалга ошириш ёки 90 кундан ортиқ муддатга Россия Федерациясида вақтинча бўлиш, шу жумладан, таълим олиш учун Россияга келишлари мумкин бўлади.

Фармонда, шунингдек, Швейцариянинг Россия Федерациясидаги элчихонаси қошидаги Грузия манфаатлари бўлими ходимлари сифатида Россияга жўнатилган Грузия фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига доир қоидалар ҳам кўрсатилган. Ҳужжатга кўра, уларга уч ой муддатга бир марталик визалар берилади ва ушбу ходимлар Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтказилгандан сўнг улар ва уларнинг оила аъзолари Россияга жорий йилнинг бутун муддати давомида визасиз боришлари мумкин бўлади.

Россия Президенти яна бир фармони билан 2019 йилдан бери амалда бўлган Россия авиакомпанияларининг парвозларига ва Грузияга тур пакетлар сотишга белгиланган тақиқни бекор қилди.

Грузия билан виза режими Россия ҳукумати қарори билан 2000 йилда жорий қилинган. Шунингдек, Грузия 2012 йилда россияликлар учун визани бекор қилган. Грузия қонунчилигига кўра, Россия фуқаролари Грузияга визасиз ташриф буюришлари ва республикада бир йилгача қолишлари мумкин. 

Қайд этиш жоиз, икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар 2008 йилда Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни тан олганидан кейин Тбилиси томонидан узилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Путин 9 май Ғалаба куни муносабати билан деярли барча Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат етакчиларига табрик йўллаган эди. Россия Президенти МДҲ қаторида Молдова ҳамда Грузиянинг давлат етакчиларига эмас, балки халқига табрик йўллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

қарор Грузия Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг