Путин 160 минг кишини армияга чақириш ҳақидаги фармонни имзолади
Олам
−
01 Апрель
3444Кеча, 31 март куни Россия Президенти Владимир Путин Россия фуқароларини баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон норматив ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, 1 апрелдан 15 июлгача Россия армиясига 160 минг киши чақирилади.
Шу куни Россия Мудофаа вазирлиги ҳам баҳорги чақирув вақтида Россия фуқаролари Давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетларига электрон чақирув қоғозларини, Москвадан чақирилувчилар эса mos.ru порталида чақирув қоғозларини олишларини маълум қилди.
“Қоғоздаги чақирувлар "қонуний аҳамиятга эга" бўлиб қолмоқда”, дея қўшимча қилди вазирлик.
Янги қонунларга мувофиқ, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган россияликлар ҳарбий хизматга чақирилади.
Бўлажак баҳорги кампанияга чақирилувчилар сони Мудофаа вазирлиги чақирувни деярли икки баравар камайтиришга қарор қилган 2011 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлади.
“2024 йилда, баҳорги кампания даврида 150 минг киши, 2023 йилда – 147 минг киши, 2022 йилда – 134,5 минг киши армияга чақирилди”, деб ёзади ТАСС.
Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги кутилаётган чақирув кампаниясининг Украинадаги кенг кўламли уруш билан “ҳеч қандай боғлиқлиги” йўқлигини ва чақирилувчилар Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудлари – Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларига юборилмаслигини даъво қилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида Россия Федерацияси Давлат Думасига ҳарбий хизматга чақиришни кучайтирувчи қонун лойиҳалари киритилди. Биринчи қонун лойиҳаси чақирув муддатини бир йилга узайтиради, яъни баҳорда берилган чақирув қоғозлари кузги чақирув бошланиши билан ҳам ўз кучини сақлаб қолади. Иккинчи қонун лойиҳаси яшаш жойини ўзгартириш тўғрисида хабар бермаган ҳарбий хизматчилар учун жарима миқдорини 10 000 - 20 000 рублгача оширишни назарда тутади.
LiveБарчаси
Японияда вертолёт денгизга қулаб тушди.
07 Апрель