Путин Ҳиндистонга боришдан бош тортиб, Модига тўғри тушунтирди
Олам
−
28 Август 2023
15764Россия Президенти Владимир Путин бугун, 28 август куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда Россия раҳбари 9-10 сентябрь кунлари Нью-Деҳлида бўлиб ўтадиган G20 саммитида қатнаша олмаслигини, Россия делегациясига Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилишини айтган. Бу ҳақда Ҳиндистон Бош вазири идораси маълум қилди.
“Президент Путин 9-10 сентябрь кунлари Нью-Деҳлида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок эта олмаслигини маълум қилди ва Россияни ТИВ раҳбари Сергей Лавров вакиллик қилишини айтди”, дейилади телефон мулоқотидан сўнг берилган баёнотда.
Моди ушбу қарорни тушуниш билан қабул қилишини билдирган ва Россия раҳбарига Ҳиндистоннинг G20га раислигидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Ҳар икки етакчи алоқани давом эттиришга келишиб олган.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ТАСС мухбирининг саволига жавоб берар экан, “G20 саммитида иштирок этиш формати ҳақида кейинроқ маълум қиламиз”, деб тушунтирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтган BRICS саммити олдидан Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путиндан саммитда иштирок этмасликни сўраган. Саммитда Россия номидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қатнашди.
LiveБарчаси