Путин ҳайратда! У Макроннинг Қорабоғ ҳақидаги гапларига жавоб қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Россия Федерациясининг Қорабоғдаги гўёки бузғунчи роли ҳақидаги баёнотларини нотўғри ва қабул қилиб бўлмас деб атади. Бу ҳақда у бугун, 14 октябрь куни бўлиб ўтган МДҲ саммитида гапирди.

Путин, Макрон, афтидан, томонларнинг позицияси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

“Шунинг учун улар (Макроннинг баёноти – таҳр.) нотўғри эшитилди, мен ҳатто бузуқ деб айтардим, шунинг учун [улар] қабул қилиниши мумкин эмас”, дейди Путин.

У сўзида давом этаркан, Макроннинг Қорабоғ можароси бўйича ҳеч қандай тушунчаси йўқлигини урғулади. 

“Кеча Франция Президентининг 6 октябрь куни Прагада бўлиб ўтган учрашув (Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари у ерда Европа сиёсий ҳамжамияти саммити доирасида учрашган) якунлари бўйича айрим изоҳларини ўқиб, ҳайратда қолдим. Менимча,  бу баёнотларда можаронинг ўзи ҳақида ҳеч қандай тушунча йўқ”, дейди Путин. 

Россия раҳбари имкон туғилиши билан бу масалани Франция Президенти билан муҳокама қилишини айтди. 

“Россия ҳар доим ҳар қандай можароларни, жумладан Қорабоғ билан боғлиқ ва унинг атрофидаги муаммоларни ҳал қилишга чин дилдан интилган”, дейди Путин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия Кавказ минтақаси ва ундан ташқарида вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги тўқнашувларни атайлаб қўзғатаётганини айтиб чиқди. 

“Охирги икки йил давомида чегарада нима бўлди? Чегарани гўёки 5000 нафар рус аскари қўриқлаётган бўлса, руслар кўп асрлик тўқнашувдан фойдаланиб, Туркиянинг шериклиги билан Озарбайжон фойдасига ўйнади ва ўзлари яқин бўлган Арманистонни заифлаштиришга қайтди”, дейди Макрон. 

Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.

Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Эммануэль Макрон Қорабоғ

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made