Пушкиннинг ўрнида итга ҳайкал қўйилади
Бу қизиқ
−
16 Ноябрь 2023
13074Украинада Киев шаҳридаги машҳур рус шоири Александр Пушкиннинг ҳайкали ўрнида мамлакатнинг махсус ҳарбий операцияси давомида машҳурликка эришган Патрон лақабли кучукка ҳайкал ўрнатиш таклиф қилинди. Бу ҳақда “газета.ru” нашри хабар берди.
Гап шундаки, Патроннинг оғирлиги тахминан 4 кг ни ташкил қилади. Бу ундан миналарни аниқлаш бўйича ишларда фойдаланишга имкон беради. Чунки бундай тадбирларда беш килограммгача бўлган ҳайвонлардан фойдаланишга рухсат берилади.
Ушбу итни дастлаб 2020 йилда Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Чернигов вилоятидаги пиротехника гуруҳи раҳбари Михаил Илев ҳамкасбидан сотиб олган ва ўғлига совға қилган. Кунлардан бирида уни ишга олиб борган ва итнинг портловчи моддаларни ҳидига қараб аниқлаш қобилияти борлигини пайқаб қолган.
Дастлаб улар Патрондан кўргазмаларда фойдаланмоқчи бўлган. Аммо ҳарбий ҳаракатлар бошланиши билан кучук Чернигов вилоятидаги ҳудудларни миналардан тозалаш билан шуғуллана бошлаган. Украина Президенти девони маълумотларига кўра, 2022 йил 8 майга қадар Патрон 236 та портловчи мосламани аниқлашга ёрдам берган. 28 май куни Каннда унга Palm Dog мукофоти топширилди.
"Бугун Каннда у [Патрон] Palm Dog мукофоти билан тақдирланди. Бу тўрт оёқли ҳайвонларга бериладиган дунёдаги энг нуфузли кино мукофотидир! Сўнгги бир неча ой ичида Патрон ҳақиқатан ҳам жаҳон кинохроникаси юлдузига айланди. Шу сабабли ҳакамлар ҳайъати бир овоздан бизнинг думли пиротехнигимизни ушбу мақомга лойиқ, деб ҳисоблади”, дейилади Фавқулодда вазиятлар хизматининг хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европадаги энг баланд ёдгорликлардан бири бўлган “Ватан” ҳайкалидаги совет герби олиб ташланиб, ўрнига Украинанинг миллий рамзи бўлган уч қиррали найза (“Тридент”) ўрнатилганди.