Ҳусановсиз “Манчестер Сити” ПСЖга мағлуб бўлди

Спорт

image

Парижликлар ЕЧЛда “Манчестер Сити”ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди ва кейинги босқич учун имкониятларини яхшилаб олди.

23 январга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси 7-тур ўйинлари давом эттирилди. Турнинг марказий баҳси ПСЖ ва “Манчестер Сити” ўртасида кечди ҳамда унда парижликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

ПСЖдан “Барселона”ча камбэк

Ўйиннинг биринчи тайми мухлисларни бирмунча зериктириб қўйди ва 0:0 ҳисобида якунланди. Иккинчи тайм бошланиши биланоқ “шаҳарликлар” ташаббусни қўлга олди. Учрашувнинг 50-дақиқасида Савионинг ўрнига майдонга тушган Жек Грилиш ҳисобни очди. Орадан 3 дақиқа ўтар-ўтмас Эрлинг Холан иккинчи голни киритди. Шундан сўнг, парижликларнинг юриши бошланди. Дастлаб, Дембеле 56 дақиқада ҳисобни қисқартирган бўлса, 60-дақиқада Барколья ҳисобни тенглаштирди. Тинимсиз ҳужумлар уюштирган Энрике шогирдлари 78-дақиқада Жоау Невешнинг голи эвазига олдинга ўтиб олди. Сўнгги нуқтани 90+3-дақиқада Гонсало Рамуш қўйди ва якуний ҳисобни ўрнатди. Шу тариқа, ПСЖ 2:0 ҳисобидан чиқиб кетган ҳафтанинг иккинчи клуби бўлди. Кеча “Барселона” меҳмонда “Бенфика”ни 5:4 ҳисобида мағлуб этганди

 

Жамоаларнинг плей-офф босқичига имкониятлари

Дастлаб, ғалаба қозонган парижликлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Луис Энрике шогирдлари 7 турдан кейин 10 очко жамғариб, турнир жадвалида 22-ўринни қайд этмоқда. Ҳозирча Париж клуби 24 талик ичида ва плей-офф иштирокчилари орасида. ПСЖ кейинги турни 30 январь куни меҳмонда “Штутгарт”га қарши ўтказади. Агар клуб ғалаба қозонса, кейинги босқич йўлланмасига эга чиқиши мумкин.

Парижда камбэк қурбони бўлган “Манчестер Сити”нинг имкониятлари бироз пасайган бўлиши мумкин, аммо тамоман чиқа олмайди деганимас. “Шаҳарликлар” 7 турдан сўнг 8 очко тўплаб, 25-ўринни қайд этмоқда. Гвардиола шогирдлари ҳозирча 24 таликда эмас, аммо навбатдаги турда ўз уйида “Брюгге”ни мағлуб этадиган бўлса, 11 очкога эга бўлади ва плей-офф масаласини ҳал қилиши мумкин. Лекин клуб бошқа рақобатчиларнинг натижаларини кузатиб боришга мажбур. Кейинги турдаги рақиб эса 11 очко билан 20-ўринда кетмоқда.  Бир томондан қаралса, барчаси “Манчестер Сити”нинг ўз қўлида. Чунки клуб ғалаба қозонсагина кейинги босқичга йўл олади. Сабаби кучли 24 талик учун кураш олиб бораётган ПСЖ, “Штутгарт”, “Бенфика” клублари плей-офф йўлида қоқиладиган бўлса, йўлланмадан қуруқ қолади.

Кечанинг бошқа натижалари

“Милан” ўз уйида “Жирона”ни минимал ҳисобда мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. Нидерландияда учта тарсаки қабул қилиб олган “Бавария” ҳам плей-офф учун имкониятларини сақлаб қолди. Клуб кейинги турда “Слован Братислава”ни мағлуб этадиган бўлса, масалани ҳал қилади. Етакчилар қаторида бораётган “Интер” меҳмонда “Спарта”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва кейинги босқичга йўл олди. Мадриднинг “Реал” клуби ўз уйида “Зальцбург”ни аяб ўтирмади ва 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Анчелотти шогирдлари ушбу ғалабадан кейин нимчорак финал учун имкониятни сақлаб қолди. Жамоа кейинги турда меҳмонда “Брест”ни мағлуб этадиган бўлса, масалани ҳал қилади. Клубни 1 очко ҳам қаноатлантиради. Лондоннинг “Арсенал”и жароҳатлар гирдобида қолган бўлса ҳам, натижалари ёмон эмас. Клуб ўз уйида “Динамо Загреб”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва кейинги босқич масаласи учун сўроқ қолдирмади. Клуб турнир жадвалида 3-ўринни қайд этиб бормоқда.

Чемпионлар лигаси 8-тур ўйинлари 29-30 январь кунлари бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Манчестер Сити ПСЖ Чемпионлар лигаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг