ПСЖ томон талпинаётган Остон

Спорт

Жорий йилнинг 1-14 июнь кунлари Тошкент ва Бишкек шаҳарларида Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан “CAFA Nationʼs Cup 2023” мусобақаси ўтказилди. Ушбу турнир кўпгина шов-шувларга сабаб бўлди. Баҳслар давомида стадионларда қимор ўйинининг реклама қилиниши ёки Афғонистон футболчиларининг ўйин тугамасидан майдонни тарк этиши билан боғлиқ ҳолатлар футбол жамоатчилигининг муҳокамасида бўлди. Ўзбекистонликларнинг диққати эса Сречко Катанец бошчилигидаги мамлакат миллий терма жамоасининг иштирокига қаратилди. Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик футболчилар турнирда ёмон иштирок этмади. Финалда азалий рақиб Эронга имконият бой берилди, бироқ ўйин томонлама “оқ бўрилар” “форс йўлбарслари”дан устунлик қила олгани бор гап. Эрон эса Ўзбекистон футболчиларига ожиз нуқталарини кўрсатиб бера олди ва бу ҳам қайсидир маънода ўзбек футболи ютуғидир. 

“CAFA Nationʼs Cup 2023”да мухлислар Элдор Шомуродов ва Жалолиддин Машарипов каби етакчи футболчиларнинг ўйинидан баҳраманд бўлди. Шунингдек, Остон Ўруновнинг ҳам термада лидерликни қўлига олаётгани эътиборга молик жиҳат.

QALAMPIR.UZ'нинг галдаги суҳбатдоши айнан Наманганнинг “Навбаҳор” клуби аъзоси Остон Ўрунов бўлди.

Остон Ўрунов 2000 йилда Навоий шаҳрида туғилган. Дастлаб футбол сир-асрорларни айнан ўз шаҳридаги футбол мактабидан ўрганган. Кейинчалик селекционер мутахассислар уни “Пахтакор”га жалб қилган. Ўрунов катта футболга катта қадамини Тошкент клубида ташлаган.

Таъкидлаш жоиз, Англиянинг “Манчестер Юнайтед” ва Франциянинг ПСЖ клублари Ўруновнинг севимли жамоалари ҳисобланади. Остон айнан Париж клубида тўп тепишни орзу қилишини ва орзуси йўлида тўхтаб қолмаслигини айтиб ўтди.

“Болалагимдан МЮда ўйнашни орзу қилардим, лекин ҳозир ПСЖга ҳаракат қилмоқдаман”, дейди Ўрунов.

Ёш ва иқтидорли футболчи “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси бўлса ҳам, “Навбаҳор” ва “Локомотив” клубларидаги ўйинлари билан жамоатчилик ёдида қолган. Айниқса, Ўруновнинг “Навбаҳор”даги самарали ўйинлари уни кейинчалик Россияга йўл олишига сабаб бўлгани сир эмас.

Остон “Уфа” жамоасида ўзини янгидан кашф этди. Тўғри, у “Уфа”да битта ҳам гол урмади, бироқ ўз позициясида етакчиликни қўлга олишни уддалади. Ҳужумларни ташкил қилиш, қарши ҳужумлардаги фаоллик Остонни рус нашрларининг асосий мавзусига айланишига сабаб бўлди. 

Содир бўлаётган барча воқеликлар футболчини Россиянинг етакчи клубларидан бири Москванинг “Спартак”и томон йўл олишига сабаб бўлди, лекин Остон Москва клубида ўзини топа олмади. Жароҳатлар ва яна турли хил сабаблар Ўруновни бир қанча вақт футболсиз қолдирди. Унинг “Урал”даги фаолияти ҳам омадсиз чиқди.

Россиядаги саргузаштлари якунлангач, Ўрунов жонажон “Навбаҳор”ига қайтди. Яна севимли мураббийи Самвел Бабаян қўл остида тўп тепа бошлади. 

Ўруновнинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, у Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи даврасида “Навбаҳор”да тўп тепмаслиги мумкин. Гап шундаки, Ўруновга Европадан таклифлар бор. 

“Ҳозир хориждан таклифлар бор. 3-4 та Европа давлати клублари менга қизиқиш билдиряпти”, дейди Ўрунов.

Шунингдек, футболчи Россия ва Ўзбекистон чемпионатлари ўртасидаги фарқли жиҳатларни айтаркан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Суперлигаси анча кучайганини, бироқ Россия футболи тезкорлик жиҳатдан бир поғона устунлигини маълум қилди.

Остон Ўрунов билан эксклюзив интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

ПСЖ футбол Навбаҳор Остон Ўрунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг