ПСЖ “Интер”ни янчиб, илк марта чемпион бўлди
Спорт
−
01 Июнь 6606 2 дақиқа
Бугун, 1 июнга ўтар кечаси Франциянинг “Пари Сен-Жермен” (ПСЖ) клуби Италиянинг “Интер” клубини йирик 5:0 ҳисобида мағлуб этди ҳамда ўз тарихида илк бор UEFA Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди.
Ҳал қилувчи учрашув Германиянинг Мюнхен шаҳридаги “Альянц Арена” стадионида бўлиб ўтди. Учрашувнинг 12-дақиқасида марокашлик ҳимоячи Ашраф Ҳакими ҳисобни очди. Орадан саккиз дақиқа ўтиб, франциялик ҳужумчи Дезире Дуэ ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. У иккинчи бўлимда ҳам гол уриб, дубл қайд этди (63-дақиқа). 73-дақиқада грузиялик вингер Хвича Кварацхелия қарши ҳужумни аниқ зарба билан якунлаб, тўртинчи голни урди. Ўйиннинг 86-дақиқасида эса француз ярим ҳимоячиси Сенни Меюлю 5-голни уриб, ўйинга нуқта қўйди.
Қолаверса, ПСЖ сафида Усмон Дембеле икки марта голли пас берди. Шунингдек, Дуэ, бразилиялик Витинга ва француз ҳужумчиси Брадли Баркола ҳам биттадан ассист билан ўйинда ажралиб турди. Бу натижа ПСЖ клуби учун тарихий бўлиб, улар илк марта Европанинг энг нуфузли мусобақасида чемпионликни қўлга киритди.
Маълумот учун, ПСЖ 2020 йилда финалга чиққан, бироқ ўшанда “Бавария”га мағлуб бўлган эди. Жорий мавсумда ПСЖ жами тўртта совринни қўлга киритди – Чемпионлар Лигаси, Франция чемпионати, Франция кубоги ва Суперкубоги. “Интер” эса Чемпионлар Лигаси финалида тўртинчи бор мағлубиятга учради. Улар ушбу мусобақани аввал уч марта ютган, охиргиси 2010 йилда бўлган.
Live
Барчаси