Прокуратурадан 213 ходим бўшатилди, 31 ходим жиноий жавобгарликка тортилди – Ниғматилла Йўлдошев

Жамият 12898
image

Ўзбекистон прокуратура тизимида ўтган бир йил давомида коррупцияга мойил 213 нафар ходим лавозимидан озод этилган. Улар орасида 50 нафарини раҳбар ходимлар ташкил этади. Шунингдек, тизимда жиноятга қўл урган 31 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг мақоласида сўз боради. 

Йўлдошевнинг қайд этишича, прокуратурани тизимини “Халқ прокуратураси”га айлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бера бошлаган. 

“Узоқ йиллар давомида одамларда жазоловчи орган сифатида тасаввур уйғотиб келган прокуратура тизими ҳар жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Яъни, у инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг, давлат ва жамият манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси йўлида фаолият юритувчи тизим сифатида майдонга чиқмоқда”, дейди Йўлдошев.

Бош ҳуқуқ посбони “Буни нималарда кўриш мумкин?”, деган саволни қўяркан, қуйидагиларни санайди:

“Давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органларини тубдан ислоҳ қилиш бўйича олдимизга қўйилган янги вазифалар, жумладан ўтган йилнинг 20 июнида Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида белгилаб берилган йўналишлар доирасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Биринчидан, энг аввало, тизимдаги анча оғир вазиятни ўнглашга, жамоада ишчан ва соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар Концепцияси ишлаб чиқилди. Унинг асосида биринчи галда ходимларнинг 45 фоизини ёш мутахассислар ташкил этиши, бироқ, уларга иш ўргатадиган мураббийлар деярли қолмагани ҳисобга олиниб, сўнгги йилларда бой берилган “устоз - шогирд” анъаналарини тиклаш чоралари кўрилди.

75 нафар тажриба ва малакага эга ходим хизматга қайтарилди. Ҳар бир тармоқ раҳбарлигига шу йўналишнинг ҳақиқий мутахассислари тайинланди.

Умуман, кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнидаги ўта марказлашганлик ҳамда субъектив омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилди. Ҳар бир ходимни иқтидори, салоҳияти ва масъулиятига мос равишда лавозимга тайинлаш механизми тўлиқ йўлга қўйилди. 

Бундан ташқари, тизимни нопок ва номуносиб ходимлардан тозалашга алоҳида эътибор қаратилди ва бу жараён давом этмоқда. Бир йил давомида коррупцияга мойил 213 нафар, жумладан 50 дан ортиқ раҳбар ходим тизимдан бўшатилди. Жиноятга қўл урган 31 нафар ходим жиноий  жавобгарликка тортилди”. 

Ниғматилла Йўлдошев прокуратура тизимидаги ўзгаришларни санаб, айрим ўзгаришлар, ҳатто, бюджет маблағларини тежашга хизмат қилаётганини, биргина замонавий ахборот технологияларини жорий қилган ҳолда, бутун тизим тўлиқ электрон иш юритишга ўтказилиб, ортиқча қоғозбозликка деярли барҳам берилгани ортидан тизимда ҳар ойда фақатгина қоғоздан қарийб 300 млн сўм тежаб қолинаётганини урғулайди. 

Шунингдек, прокуратура органларида қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилган. 

“Мавжуд 50 га яқин назорат органлари фаолияти устидан тизимли ва таъсирчан назорат ўрнатиш орқали қонунийликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Назорат органларидан олинган ахборотлар асосида энг муаммоли соҳаларни аниқланмоқда ва қонун бузилиши ҳолатлари ҳамда тизимли камчиликларнинг асл сабабларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Шу тартибда олий таълим ва соғлиқни сақлаш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги каби қатор соҳаларда қонунийликнинг аҳволи чуқур таҳлил қилинди”, дейди Бош прокурор. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 232
Рейтинг: 3
t
×