“Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”. Прокуратурада “ёпди-ёпди”лар энди бўлмайдими?

Таҳлил

image
Ўзбекистонда прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш мумкин бўлади north_east

Ўзбекистонда прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш мумкин бўлади

Биламизки, жамиятдаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш мақсадида қонун-қоидалар тузилган. Мисол тариқасида, йўлда бехавотир юришингиз учун йўл-ҳаракати қоидалари мавжуд. Агар сизнинг ҳуқуқингиз бузилса, уни тиклаш учун тегишли тартибда суд ва прокуратура органларига мурожаат этасиз. Лекин улар ҳам нотўғри ва адолатсиз якун беришса-чи?!

Куни кеча Конституциямизнинг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда келгусида жорий этиладиган амалиёт ҳақида хабардор этди. “Келгуси йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда.

Сир эмас, илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, таъбир жоиз бўлса, охирги инстанцияга айланиб қолган эди.”, дея таъкидлади давлат раҳбари. Келинг, бу сўзларда акс этган ҳуқуқий-процессуал жараёнини таҳлил қилсак.

Прокурор ваколатлари 

Ўзбекистон республикасининг Конституциясининг 118-моддасига биноан, прокуратура Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади, дея белгиланган. 
Агар сизга нисбатан қонунбузилиш ҳолати амалга оширилди. Ҳуқуқбузар шахс маъмурий, жиноий ёки интизомий жавобгарлик келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракат қилди. Бу бўйича ваколат доирасида прокуратура ўрганишларни бошлайди ва сўнгги қарорни беради. “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида бу қоида акс эттирилган. 

Агар етарли асослар топилса, жиноят ишини қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилади. Жиноят иши бўйича айблов хулосаси ёки далолатномаси судга чиқарилади. Агар топилмасачи... Бугунги кундаги кўплаб юртдошларимизнинг норозилик сабаблари айнан шу нуқтада. 

Коррупция учун йўл

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида реабилитация (оқлаш) учун асослар келтирилган. Яъни бир жиноят иши кўриб чиқилиши бошланди, бироқ жиноят белгилари топилмади дея иш ёпилади. Бу прокурорнинг қўлида ва бунинг устидан судга мурожаат қилиш амалиёти деярли йўқ. Чунки унинг тартиби мавжуд эмас. Халқ тили билан айтиладиган “ёпди-ёпди”лар айнан шу ҳолатда кўзга ташланиши мумкин. 

Жиноят-процессуал кодексининг 589-моддасида шундай қизиқ норма келтирилган. Унга кўра, прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкин.

Жараён жуда қизиқ. Сизга кимдир туҳмат қилди, сиз уни устидан шикоят қилдингиз. Ваколати бўйича бу ишни прокуратура кўриб чиқади. Прокурорлар терговни бошлади. Ҳаммани кўрсатмалари тингланди. Ҳамма фактлар кўрга ҳассадек бўлиб турган вақтда, прокурор қарори чиқади: “жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси бўйича жиноят аломати топилмади, бу инсон беайб”. 

Ёки бир одам бошқасига қаттиқ зарба берди ва жабрланувчи вафот этди. Жиноят кодексида бу ҳолатга турлича ёндашувчи моддалар бор. Булар қасддан одам ўлдиришдан тортиб эҳтиётсизликдан одам ўлдиришгача (97-102-моддалари) бўлган жиноятлар бўлиши мумкин. Уларнинг жазо даражалари ҳам турлича. Ёки умуман жиноят қилинмаганлигини кўрсатувчи ҳолатлар мавжуд. Мисол қилиб, охирги зарурат, зарурий мудофаа ва ҳо. Юқоридаги воқеада қасддан одам ўлдириш бўлганми ёки зарурий мудофаами? Бу бўйича қарор қабул қилиш прокурорнинг мутлақ ваколатидадир. Бунга ҳеч ким аралаша олмайди. Агар шундай экан, бу коррупцияга йўл очувчи қоида эмас дея ким кафолат бера олади? 

Сиз албатта кейинги қадамга интиласиз. Бироқ кейинги қадам фақатгина юқори турувчи прокурорга шикоят қилишлиги холос. Энди ўйлаб кўринг – ким ўзининг ходимига ёки битта тизимда ишлаб келаётган ҳамкасбига қарши иш қилади?! 

Ўйлаймизки, янги амалиётда бу жиҳатлар  атрофлича ўрганиб чиқилади ва коррупциоген нормалар бартараф этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Прокуратура Конституция

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

4.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг