Россияда сўз эркинлигини бўғиш йўлида яна бир ташкилот қурбон қилинмоқчи

Олам 6497
image

Москва прокуратураси пойтахт судига Журналистлар ва ОАВ ходимлари касаба уюшмаси минтақалараро жамоат ташкилотини тугатиш талаби билан мурожаат қилди. Бу ҳақда “Ведомости” суднинг 16 июндаги ташкилотни тугатиш бўйича маъмурий ишни кўриб чиқиш тўғрисидаги қарорига таяниб хабар берди.

Газетанинг ёзишича, прокуратура нима учун бундай талаб қўйгани ҳужжатда кўрсатилмаган. Москва шаҳар суди департаментнинг даъвоси қабул қилинганини тасдиқлаган. Дастлабки суд мажлиси 13 июлга белгиланган.

Шу билан бирга, 4 июл куни суд прокуратура талабига биноан Россия армиясини “обрўсизлантириш” (Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.3.3-моддаси) бўйича маъмурий иш қўзғатилгани сабабли ташкилот ишини тўхтатиб қўйган.

Журналистлар касаба уюшмаси ишининг тўхтатилишига ташкилот веб-сайтида “Россия Қуролли Кучларининг ДХР ва ЛХРни “ҳимоя қилиш” бўйича “махсус ҳарбий операция”сининг бориши тўғрисида нотўғри маълумот” эълон қилингани сабаб бўлган. Аммо қайси маълумот ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Прокуратура маълумотларига кўра, касаба уюшмаси интернет тармоғига “инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келадиган, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигига, жамият ва давлатга зарар етказувчи” “ноқонуний характердаги маълумотлар”ни жойлаштирган.

Адвокат Максим Крупскийнинг “Ведомости” нашрига айтишича, Журналистлар касаба уюшмаси на даъво, на маъмурий иш қўзғатилганлиги ҳақида маълумотга эга эмас.

“Ушбу тартиб-қоидалар амалдаги қонунчиликка мувофиқ мажбурийдир ва ташкилотнинг ҳимояланиш ҳуқуқининг муҳим элементи ҳисобланади. Биз нима учун бу содир бўлганига аниқлик киритамиз ва натижаларга асосланиб, кейинги ҳаракатлар тўғрисида қарор қабул қиламиз”, деган адвокат.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 3
Теглар
t
×