Прокуратура этика қоидаларидан бехабарми? Қўрқинчли видеолардан муддао нима?
Жамият
−
16 Январь 2020
17303Бугун, 16 январь куни эрталаб Тошкент шаҳар прокуратурасининг Telegram каналида фаолиятнинг фото-ҳисоботи кўринишидаги слайд жойлаштирилди. Унда Тошкент шаҳар прокуратураси ходимларининг фаолиятидан лавҳалар акс этган. Суратлар орасида икки даҳшатли қотиллик ва унинг қурбонлари акс этган. Бироқ, суратларга изоҳ берилмаган.
Қотиллик қурбонларидан бири эса куни кеча Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги ижарада яшаб келаётгани уйида ўлдириб кетилган дизайнер Нариман Григорян дея тахмин қилинмоқда.
Лавҳаларда бир гуруҳ прокуратура ходимлари жиноят содир этилган жойни кўздан кечириш жараёни тасвирланган. Мазкур амалиёт мобайнида мурданинг юз кўзи яширилмаган ҳолатдаги суратлари ҳам акс эттирилган. Бу ўқувчининг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.
Маълум вақт ўтар-ўтмас, видео ижтимоий тармоқдаги саҳифалардан ўчирилган. Ўчирилиш сабаби номаълум, бироқ тезда ижтимоий тармоқларда кўтарилган кескин муҳокамалар бунга сабаб бўлган деган эҳтимол мавжуд.
Бирор фуқаронинг сурати ёки видеоси дахлсиз. Бу қонун ва қонуности ҳужжатлар билан мустаҳкамлар қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99-моддасига асосан шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи ажралмас ва дахлсиздир. Тасвирга бўлган ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган шахс Фуқаролик процессуал кодексда белгиланган тартибда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин. Хўш, демак қотиллик қурбонлари суратини интернетда оммалаштираётган прокуратура органлари ходимларининг ўзи қонунчиликдан бехабарми?
Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги миллий қонунчиликда фуқаронинг тасвирга бўлган ҳуқуқи дахлсизлиги чегаралари аниқ белгиланмагани ва бу бўйича аниқ белгиловчи нормани киритиш масаласи кўриб чиқилаётганини хабар қилган эди.
Юқоридаги ҳолат, прокуратура органи ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича бирор жавобгарлик назарда тутиладими ёки йўқ буниси бизга қоронғу. Чунки бу турдаги ишларни кўриб чиқувчи ташкилот ҳам прокуратуранинг ўзи.
Видеодаги тасвирлар ҳаддан зиёд руҳий таъсирга эга экани боис уни ҳавола этишни маъқул кўрмадик.
LiveБарчаси