Пригожинга исёндан кейин мусодара қилинган 10 млрд рубль қайтарилди – ОАВ
Олам
−
05 Июль 2023
8053“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинга қуролли қўзғолон юзасидан очилган жиноий иш бўйича Санкт-Петербургда тинтув пайтида қўлга киритилган нақд пуллар қайтарилди. Бу ҳақда “Фонтанка” маълум қилди.
Хабарга кўра, шу йилнинг 2 июль куни кечқурун Пригожиннинг ҳайдовчиси пулни олиб кетган.
“Ўша пайтда тадбиркорнинг ўзи Москвада эди. Унга жами 10 миллиард рубль ва юз минглаб доллар нақд пул, шунингдек, бешта олтин қуйма қайтарилган”, деб ёзган “Фонтанка”.
“78.ru” нашрининг ёзишича, улар пулдан ташқари Пригожин июнь ойи охирида тарқатиб юборган Patriot медиа гуруҳи офисида тергов жараёнида қўлга киритилган жиҳозларни ҳам қайтариб берган.
Қайд этилишича, дастлаб терговчилар олиб қўйилган қимматбаҳо буюмлар ва пулларни қайтаришни истамаган.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси