Пригожин ва унинг ҳамроҳлари жасадларида граната бўлаклари топилди – Путин
Олам
−
06 Октябрь 2023
11161Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 23 август куни Тверь вилоятида ҳалок бўлган “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожин ва унинг ҳамроҳларининг жасадларидан граната бўлаклари топилганини маълум қилди. Бу ҳақда у “Валдай” мунозаралар клубида чиқишида айтиб ўтди.
“Кеча Тергов қўмитаси раҳбари менга авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг жасадларидан қўл гранаталари бўлаклари топилгани ҳақида хабар берди. Самолётга ҳеч қандай ташқи таъсир кўрсатилмаган. Бу аллақачон тасдиқланган факт”, дейди Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, Пригожин самолёти ҳалокати бўйича тергов ҳали якунланмаган.
Унинг қайд этишича, қурбонлар қонида алкоголь ёки гиёҳванд моддалар бор-йўқлиги бўйича таҳлиллар ўтказилмаган.
“Менимча, бундай экспертиза ўтказилиши керак эди, лекин ўтказилмади”, дея таъкидлаган Россия раҳбари.
Шунингдек, Владимир Путин “Вагнер”нинг Санкт-Петербургдаги штаб-квартирасида 10 миллиард рубль нақд пул, шунингдек, 5 килограмм кокаин топилгани ҳақида эслатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евгений Пригожиннинг васиятномаси эълон қилинганди.
Пригожиннинг ўлими
Жорий йилнинг 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдирган.
Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилган.
27 август куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни Тверь вилоятидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганини тасдиқлади.
29 август куни эса Пригожиннинг дафн маросими илгари кўплаб Россия қаҳрамонлари ҳарбий шараф билан дафн этилган Серафимов қабристонида ўнлаб журналистлар навбатчилик қилаётганда, Пригожиннинг дафн маросими бутунлай бошқа черков ҳовлисида – Пороховда жимгина ўтказилган. Унинг дафн маросимига Россия раҳбари Владимир Путин қатнашмаган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь