Президентнинг қизи ўқитувчилардан текин хизматкордек фойдаланишга нуқта қўйишга чақирди

Жамият 5596
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева мутасаддилардан ўқитувчиларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишни сўради. Унинг ҳисоблашича, мамлакатда ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзди. 

“Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим. 

Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан.

Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир. 

Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча”, дейди Президентнинг тўнғич қизи. 

Унинг таъкидлашича, ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади. 

У барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчиларни дарс беришдан бошқа барча вазифалардан озод қилинишини сўраган.

“Ҳозир мамлакатимизда таълим биринчи рақамли устувор масаладир. Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт. Улар жамиятнинг энг ҳурматли ва ардоқли  қатламига айланиши, бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайман. Зеро, фақат таълим, фақат ўқитувчилар ёрдамидагина биз тараққиётга эриша оламиз. Фарзандларимиз келажаги уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун ҳам устозларимизни эъзозлашимиз шарт!”, деган Мирзиёева. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, блогер Никита Макаренко Тошкентда ўқитувчилар микроҳудуд бўйича мактаб ёшига етган болаларни уйма-уй юриб, рўйхатга олишга мажбурланаётгани ҳақида ёзган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 118
Рейтинг: 3.1
t
×