Президентликка Алишер қодир эмас
Жамият
−
31 Май 2023
23035Миллий тикланиш демократик партияси раиси Алишер Қодиров бугун, 31 май куни партия қурултойи президентликка номзод сифатида партия аъзоларидан бирини эмас, Либерал-демократик партиядан вакил, амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллаганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасида ёзган.
Маълумки, кўпчилик фаоллар томонидан айнан Алишер Қодиров номзоди президентлик сайловида Шавкат Мирзиёевга асосий рақобатчи сифатида кўрилган. Қодиров 2021 йилги сайловларда ҳам фаол қатнашган. Хусусан, унинг сайловолди кампанияси ҳам эсда қоларли тарзда амалга оширилганди. “Президентликка Алишер Қодир” деб ёзилган баннерлар катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Якунда эса у 5,5 фоиз овоз билан учинчи бўлган.
6,6 фоиз овоз билан аввалги сайловларда Мирзиёевдан сўнг иккинчи ўринни эгаллаган Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова эса бу сафар ўз номзодини қўймаган. Унинг ўрнига Улуғбек Иноятов ХДП номзоди сифатида маъқулланган.
Шундай қилиб, бу галги президентлик сайловида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан ҳеч бир номзод қатнашмайди. Бу эса мазкур партия ҳукмрон Либерал-демократик партия билан коалиция тузганини англатади.
Алишер Қодиров партиянинг сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллашини “бу қарор давлат, халқ ва партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғриси” экани билан изоҳлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь