Конституцияга сайловларни ўтказиш бўйича ўзгартириш киритилади

Жамият 7740
image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда Президент сайловини ўтказиш муддатини ўзгартириш режалаштириляпти. Сўнгги маълумотларга кўра, бу ўзгариш фақатгина Президент сайловига дахлдор бўлмайди.

Бугун, 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари асосида бир қатор ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат — сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда. Бу, депутатларнинг фикрича, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мажлисда сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши билан боғлиқ айрим омилларга тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Бу эса сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлади.

Шу боис, қонун лойиҳасига кўра, сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Президент ва парламент сайловларини ўтказиш муддати Конституциянинг 23-бобидаги 117-моддада белгилаб қўйилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 197
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×