Президенти ўлдирилган Гаити БМТ ва АҚШдан ёрдам сўради
Олам
−
10 Июль 2021
4609Гаити ҳукумати Республика Президенти Жовенель Моиз ўлдирилгандан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан (БМТ) мамлакатга қўшин юборишни сўради. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Гаити Бош вазири вазифасини бажарувчи Клод Жозеф БМТнинг давлатдаги идорасига хат юборган. Агентликнинг таъкидлашича, бундай сўровдан мақсад бутун ҳудуд бўйлаб хавфсизлик ва жамоат тартибини тиклашга қаратилган “миллий полиция ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш”.
БМТ Бош котиби офисига асосланиб хабар берилишича, ташкилотнинг Гаитидаги махсус сиёсий миссияси ушбу хатни аллақачон олган ва ўрганмоқда.
Шунингдек, Гаити ҳукумати АҚШдан ҳам мамлакатнинг асосий инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун қўшин юборишни сўраган. Кейинчалик Республиканинг Овоз бериш ва партиялараро алоқалар вазири Матиас Пьер Гаитининг АҚШга нисбатан ушбу сўрови чекланган миқдордаги ҳарбийлар, тахминан 500 кишини назарда тутганини таъкидлаган.
Сўнгги хабарларга кўра, Гаити ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари колумбиялик 17 ва Америка фуқаролигидаги гаитилик икки кишини давлат раҳбарига суиқасдда гумон қилиб ҳибсга олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июлига ўтар тунда Гаити Президенти Жовенель Моиз мамлакат пойтахти Порт-о-Пренседа жойлашган Пелерин қароргоҳида ўлдириб кетилди. Ҳужум пайтида мамлакатнинг биринчи хоними Мартин Моиз ҳам яраланди.
Мамлакат Бош вазир вазифасини бажарувчи Клод Жозефга кўра, ҳужумни уюштирганларнинг баъзилари инглиз ва испан тилларида гаплашган. Жозеф мамлакатдаги хавфсизлик ҳолати Гаити Миллий полицияси ва Қуролли кучлари назорати остида эканини айтиб, аҳолини тинчликка чақирди. Ҳукумат Республикада 15 кунлик ҳарбий ҳолатни жорий қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь