Президентга мурожаати билан танилган прокурор ишдан олинди. Нималар маълум?

Жамият 44510
image

Ижтимоий тармоқларда Республика идоралараро комиссияси томонидан олиб борилган ўрганишдан кейин ўз лавозимига қайтган Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг муддатидан олдин нафақага чиқарилгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.

Матбуот котибининг таъкидлашича, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилинган.

“Жасур Фозилов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилинган. Унинг нафақага чиқарилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. У ҳозирда кадрлар ихтиёрида. Раҳбарият лозим топган лавозимга тайинланиши мумкин”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар прокурори сифатида фаолият юритаётган Жасур Фозилов бундан бири неча кун олдин ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаатлар билан чиқиш қилган эди. Унда Жасур Фозилов турли қонунбузарликларни тилга олган эди.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётгани ҳақидаги баёноти эълон қилинди.

Шундан сўнг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилган эди.

Кейинчалик, Жасур Фозилов лавозимига қайтганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2243
Рейтинг: 3
t
×