Бош прокурор устидан Президентга мурожаат қилган Жасур Фозилов лавозимига қайтди
Жамият
−
21 Декабрь 2020
14421Ижтимоий тармоқларда Жасур Фозилов Бухоро шаҳар прокурори сифатида 20 декабрдан иш фаолиятини бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов ЎзАга бу хабар тўғри эканини тасдиқлади.
Хабарга оид тўлиқ тафсилотлар ҳали маълум қилинмади.
Ижтимоий тармоқларда эса Фозиловнинг яна бир видеомурожаати тарқалди. Унда прокурор Республика идоралараро комиссияси ўтказган текшируви натижасидан рози эканини айтган.
“Ассалому алайкум, муҳтарам Президент. Менинг ушбу мурожаатим шахсан сизга. Мен ижтимоий тармоқлар орқали ўзим прокурор бўлиб, ўзим қонунни ҳимоя қиладиган шахс бўлиб, сиздан адолат сўраб мурожаат қилган эдим.
Менинг мурожаатларим асосида, шахсан сизнинг ташаббусингиз билан Республика идоралараро комиссияси тузилиб, Бухорога юборилди. Чунки менга, менинг оила аъзоларимга, яқинларимга нисбатан қонунсиз ҳаракатлар, тазйиқлар бошланган эди.
Мен бугун комиссиянинг қарори билан танишиб чиқдим. Комиссия томонидан барча ҳолатлар адолатли, холисона ўрганиб чиқилган. Шу жумладан, менинг ҳам хато ва камчиликларим аниқланиб, менга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.
Барча ҳолатлар комиссия томонидан ўрганиб чиқилган. Баъзи ҳолатларга фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида аниқлик киритиш тўғрисида хулоса қилинган. Менинг устимдан аризани уюштирган тадбиркорлар ҳам бош прокурор номидан фойдаланиб келаётганликлари комиссия аъзолари томонидан аниқланган.
Мен бу қарорни ўқиб, ундан адолатни топдим. Сизга минг раҳмат. Барча йиғилишларда, селекторларда доим таъкидлайсиз, халқ қонун устуворлиги таъминланаётганини билиши керак. Ушбу сўзларингиз исботини шахсан сиз томонингиздан қилинган ҳаракатлар натижасида ўзимда кўрдим.
Оилам, яқинларим, ўзим минг бор раҳмат деймиз сизга. Бу менинг ўзим учун ҳам катта бир дарс бўлди. Мен қаерда ишлашимдан қатъи назар, шу юрт учун, адолатни қарор топтириш учун, қонун устуворлигини таъминлаш учун энг охирги қоним қолгунча хизмат қилишга ваъда бераман.
Аллоҳ сизни қўллаб-қувватласин. Янги Ўзбекистон учун қилаётган буюк ишларингиз, давлатни, қонун устуворлигини таъминлашдаги ишларингизга доим омад тилайман. Доимо соғ бўлинг”, дейди Фозилов.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар прокурори сифатида фаолият юритаётган Жасур Фозилов бундан бири неча кун олдин ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаатлар билан чиқиш қилган эди. Унда Жасур Фозилов турли қонунбузарликларни тилга олган эди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётгани ҳақидаги баёноти эълон қилинди.
Шундан сўнг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилган эди.
LiveБарчаси