Бухоро шаҳар прокурори ҳайфсан олди
Жамият
−
21 Декабрь 2020
17045Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ўзига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, ҳайфсан олди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан жорий йил декабрь ойи бошида унга нисбатан хизмат текшируви бошланганди.
Хизмат текширувида Жасур Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланган.
Шуларга кўра, Бош прокурорнинг 21 декабрдаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, Жасур Фозилов ўзига нисбатан хизмат текшируви бошлангани сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаганди. Кейинроқ эса мурожаатни атрофлича ўрганиш мақсадида бир қатор идоралар ҳамкорлигида Республика идоралараро комиссияси тузилганди.
Маълумот учун, ҳозирда Жасур Фозилов қайтадан Бухоро шаҳар прокурори лавозимини бажаришга киришган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь