“Заправка”лардаги шароитни танқид қилгандан сўнг қамалган ҳайдовчи қаерда?
3-саҳифа
−
02 Январь
32658Аввалроқ, Тошкентда “заправка”лардаги шароитни танқид қилган фуқаро 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берган эдик, аммо ҳуқуқбузар деб топилган Ғ.Д. “панельный” (махсус қабулхона)да эмас, балки Тошкент шаҳар ИИББ тергов ҳибсхонасига олиб кетилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари фаоли, "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановнинг ёзишича, Бектемир туман суди томонидан 15 суткага қамалган Ғ.Д. сўроқ учун 27 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган ва адвокатнинг у билан учрашишига рухсат берилмаган.
“Бугун унинг адвокати Адҳам ака билан "панельний"даги сақлов изоляторига бордик. Навбатчининг айтишича, у Тошкент шаҳар ИИББда сақланмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисми дам олиш куни бўлгани боис у билан учрашувимизга рухсат беришмади”, деб ёзади Ташанов.
Суд томонидан белгиланган жазони ўтаётган шахсни нега сўроққа олиб кетилгани ва у ерда ушлаб туришганининг сабаби тушунтирилмаган, шунингдек, ҳозирча 3 нафар кўнгилли адвокатда уни ҳимоя қилишга ордер бор.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. Мулозим ҳуқуқбузар Ғ.Д.нинг Тошкент шаҳар ИИББ тергов ҳибсхонасига олиб кетилганини тасдиқламаган бўлса ҳам, буни инкор ҳам этмади. Унга кўра, керак вақтда “зона”да ўтирганларни ҳам ИИБга чақириш мумкин ва юқоридаги ҳолат содир бўлган тақдирда ҳам бунда ҳеч қандай қонунбузарлик ҳолати мавжуд эмас.
“У 15 суткага қамалган бўлса ҳам бошқа бир воқеага гувоҳ бўлиши ёки алоқадор бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда қачон 15 сутка ўтирасан, деб кутиб ўтириш керакми?” дейди Ғиёсов саволга савол билан.
Матбуот котибига кўра, қамоқхонадан терговга олиб кетилганини сўрашнинг ўзи нотўғри. Чунки тергов-суриштирув ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
LiveБарчаси