Президент Зангиотада 504 миллиардлик янги шифохонани очиб берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 май куни Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона қурилиши билан танишди.

Зангиота туманидаги махсус шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 та комплекс қурилмоқда. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган.

Хусусан, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган, ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Уларга кириб-чиқиш ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида.  Касаллар келгач, қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри ўз палатасига жойлаштирилади.

Барча корпуслар, бўлинмалар тоза ва нотоза йўлаклар билан ажратилган. Тоза йўлакдан фақат тиббий персонал ўз вазифасини бажариш учун фойдаланади. Шифокорлар ҳаракатланиш чоғида санитар ўтказгичлар орқали ўтади. Бу барчанинг – ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

Давлат раҳбари касалхонада яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддилар билан суҳбатда ундан оқилона фойдаланиш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш муҳимлигини таъкидлади.

“Бундай замонавий шифохонани қуриш сермашаққат, ундан самарали фойдаланиш эса ундан ҳам қийин. Шунинг учун бу ерга врач эмас, ташкилотчи одам раҳбар бўлиши керак. Ходимларнинг маоши бонус тизимида бўлиши зарур. Натижа яхши бўлса, яхши даромад олишсин”, деди Шавкат Мирзиёев.

Муассаса 2 минг ўринга мўлжалланган. Лекин 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор.

Давлат раҳбари қабул бўлими, карантин зонаси, лаборатория ва муолажа хоналари, санитар-ювиниш жойларини синчиклаб кўздан кечирди.

Видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги шифокорлар билан мулоқот бўлди. Телемедицина бўйича комплекс тизим яратиш, туманлардан вилоят касалхоналарига, ундан республика марказларига боғланиш имкониятини йўлга қўйиш, шу билан бирга, тиббиёт ходимларини бу бўйича ўқитиб, тажриба алмашувни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

72 ўринли реанимация бўлимида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.

Жарроҳлик залларига ҳаво тепадан берилади ва ён томонлардан сўрилади. Натижада доимий стериллик таъминланади.

Президент мазкур муассасада иш бошлайдиган тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.

“Мана шундай янги шифо масканлари қуриб, хусусий тиббиётни ҳам ривожлантириб, рақобатли медицина яратяпмиз. Энди шунга муносиб замонавий врач ва ҳамширалар керак. Ўз устингизда тинимсиз ишлаб, жаҳондаги ютуқларни ўрганиб, халқимизга хизмат қилишингиз лозим”, деди Шавкат Мирзиёев.

Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга. Кўрпа-тўшак ва матолар ювилиб, бошқа буюмлар буғ  ёрдамида дезинфекция қилинади.

Шу ерда вилоят ва республика тиббиёт муассасалари қамрови ҳамда ҳамкорлиги ҳақида тақдимот ўтказилди.

“Кўп шифохоналар, диагностика марказлари тарқоқ жойлашган. Ташхис қўйиш ва даволаш сифати талабга жавоб бермайди. Маблағ эса сарфланиб ётибди. Давлатнинг бир сўми ҳам халқимизга нима манфаат беряпти, деган савол ҳар бир ишда мезон бўлиши керак”, деди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Зангиота тумани

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг