Президент яқинда оила қурган Паралимпиада чемпионини табриклади (видео)

Спорт

image
Паралимпиада совриндорларига уй совға қилинди north_east

Паралимпиада совриндорларига уй совға қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида яқинда оила қурган Паралимпиада чемпиони Асила Мирзаёровани табриклади.

“Асила қизимни кўрганимдан жуда хурсандман. Қизим, бахтли бўлгин. Яқинда тўйларингни эшитиб, ўзимнинг вакилимни юборгандим. Икковларингизга бахт-саодат тилайман. Энг ишончли, мардона, мард қизларимдан бирисан. Ҳаммага “Қаҳрамон қизим бор”, деб айтяпман. Сенга ҳам телефонда "Қизим, қаҳрамон қизим", деганман. Илоҳим, бахтли бўлинглар. Сизларнинг бахт-у камолларингни кўриш ҳаммамизга насиб қилсин. Қизим, ишларингда муваффақият ва келажакда Ўзбекистонга катта-катта, шода-шода медаллар олиб келишингга ишонаман, қизим”, деди Президент.

Асила Мирзаёрова эса Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган паралимпия ўйинларига янада кучли тайёргарлик кўришни мақсад қилиб қўйганини билдирди ва битта олтинни иккита қилишга ҳаракат қилишга ваъда берди.

Суҳбат давомида Мирзаёрованинг турмуш ўртоғи ҳам спорт соҳасида экани, у тренерлик билан шуғулланиши маълум бўлди.

 

“Шунақа хурсанд бўлдим, турмуш ўртоғингиз тренер бўлганини кўриб. Сиз бахтингизни топиб, тренерингиз билан турмуш қурганингиз, қадрли оиласизлар. Илойим, мана шу икковларингнинг турмушларинг мустаҳкам бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг янги оиласи ва янги қаҳрамонлари пайдо бўлади, деб ишонаман”, деди Мирзиёев.

Маълумот учун, Асила Мирзаёрова 1999 йилда Қарши шаҳрида туғилган. У пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби ва икки карра Жаҳон чемпионати ғолиби ҳисобланади. 2024 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпиада ўйинларида Асила Мирзаёрова узунликка сакрашда 5,22 метр натижа қайд этиб, салкам 30 йил олдинги Паралимпия рекордини янгилаган. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев Мирзаёровани телефон қилиб табриклаган.

Эслатиб ўтамиз, Асила Мирзаёрова ўтган йил октябрь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакили сифатида иш бошлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Асила Мирзаёрова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг