Президент V Параосиё ўйинлари ғолибларини қутлади (фото)

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 7 декабрдан 14 декабргача Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V Параосиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик параспортчиларни қутлади.

Қайд этилишича, Осиё қитъасининг 35 та давлатидан келган 1 минг 500 нафардан зиёд спортчилар ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда Ўзбекистон спортчилари жасорат ва матонат фазилатларини намоён этиб, мусобақаларнинг чинакам қаҳрамонларига айланган ва Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очган.

Президентнинг айтишича, параспортчилар 99 та олтин, 57 та кумуш, 41 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида Осиё қитъасида 1-ўринни эгаллаган.

“Турнир давомида Ўзбекистон мадҳияси қарийб 100 марта янграгани сизларнинг ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этишга қандай беқиёс ҳисса қўшганингиздан далолатдир. Сизлар улкан азм-у шижоатингиз, букилмас ирода ва интилишингиз билан Осиёнинг миллий спорти жадал ривожланаётган Эрон, Япония, Таиланд, Индонезия каби давлатлари жамоаларини ҳам ортда қолдиришга муваффақ бўлдингиз.

Ўзбекистон Параосиё ўйинлари тарихида бундай рекорд натижа, бундай буюк зафар илгари ҳеч қачон бўлмаган эди. Ҳеч шубҳасиз, сизлар юртимиз спортида шонли тарих ва анъаналар яратаётган ёшлар, моҳир мутахассислар сифатида юксак таҳсин ва тасанноларга муносибсиз.

Бутун халқимиз, жонажон ватанимиз сизлар билан фахрланади. Сизлар Ўзбекистон паралимпия ҳаракатининг олтин авлоди, олтин вакилларисиз.

Бундай қаҳрамон ёшларимизга шон-шарафлар бўлсин!”, дейди Мирзиёев.

Билдирилишича, пара пауэрлифтингчи спортчилар Баҳриддин Холбўтаев, Элбек Фарҳодов, Ойшажон Ражаббоева, Рухшона Ўктамова ўз вазн тоифаларида жаҳон рекордини, Нурилло Инобиддинов, Эъзоза Абдужабборова, Азизбек Пердебаев, Рухшона Ўктамова, Зиёдахон Боқижонова, Зуҳра Юлдашева, Гулюз Нематуллаева эса Осиё рекордини ўрнатганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Яна бир муҳим тарихий натижа – спортчи қизлар Мадина Мухторова, Фароғат Мухаммадқулова, Моҳичехра Ибрагимова пара енгил атлетиканинг ядро ва найза улоқтириш дастурлари доирасидаги баҳсларда бутун медаллар жамланмасини Ўзбекистонга олиб келган.

“Буларнинг барчаси – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз, қолаверса, юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сизлар эришган улкан зафар Янги Ўзбекистон ёшлари қандай катта марраларни эгаллашга қодир эканини амалда яна бир бор кўрсатгани билан ҳам ғоят аҳамиятлидир. Бу ғалаба, ҳеч шубҳасиз, минглаб ёшларимизга ғурур ва ифтихор, интилиш ва илҳом манбаи, катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, сизларни мана шундай баҳодир, довюрак ва паҳлавон фарзандлар этиб тарбиялаган, эзгу интилишларингизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган ота-оналарингиз, моҳир ва жонкуяр мураббийларингизга, барча мухлисларингизга чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман”, дейди Президент.

Шунингдек хабарга кўра, яқинда мамлакатда Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича махсус қарор қабул қилинган. Сўнгги йилларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини тузиб, алоҳида Адаптив спорт турлари ассоциацияси фаолиятини йўлга қўйилган. Шунингдек, ушбу тизимда Матонат мактаби ҳамда соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича институт ташкил қилинган.

Натижада адаптив спорт турларидаги йўналишлар сони 89 тага етказилиб, мамлакат маҳаллаларида ушбу спорт турлари билан доимий шуғулланувчилар сони 45 мингдан ошган.

Ўзбекистонда инклюзив жамият барпо этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашувини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимиз албатта изчил давом эттирилади.

“Ватанимизга юксак меҳри ва садоқати, мустаҳкам ирода ва матонати билан миллионлаб фарзандларимизга ўрнак бўлаётган сизлардек қаҳрамон ўғил-қизларимни Ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида қўлга киритган тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда улкан омад ва зафарлар тилайман”, дейди Мирзиёев табрик сўнгида.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Параосиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг