Президент уйлар нархи кўтарилмаслиги учун янги имтиёзлар берилишини айтди

Жамият

image

Янги уй-жой массивлари нархини бу йилги даражада ушлаб қолиш учун янги бож ва солиқ имтиёзлари берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш, шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади.

Шунингдек, тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилади.

“Келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади”, деди Президент Мирзиёев.

Бундан ташқари, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Шу билан бирга цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилади.

“Бу 1 тонна цементнинг ишлаб чиқариш таннархини 7 фоизга қискартириш имконини беради. Булар ҳам уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келади”, деган давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев уй-жой

Баҳолаганлар

297

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг