Президент ўрнатган мораторий унутилдими? Олти ойда қанча дарахт кесиб ташлангани очиқланди
Жамият
−
30 Июль 2021
4317Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда 2 минг 597 та табиатга зарар етказиш билан боғлиқ ҳуқубузарликлар содир этилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Aхборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Боқиевга кўра, содир этилган 2 минг 597 та табиатга зарар етказиш билан боғлиқ ҳуқубузарликлар оқибатида Давлат ўрмон фондига тегишли бўлмаган 4 мингдан ортиқ 78 турдаги қимматбаҳо дарахтлар кесилиши кузатилган. Бунинг оқибатида ўсимлик дунёсига 6,7 миллиард миқдорда зарар келтирилган.
“Айнан бир нарсани мисол тариқасида айтишим мумкинки, жорий йилнинг 6 июль куни Сурхондарё вилояти Денов туманида ҳам дарахт кесилиш ҳолатлари ҳақида ОАВ кенг ёритди. Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бўлим бошлиғи томонидан 109 туб қимматбаҳо турдаги дарахтлар кесиб ташланган. Маъсул ходим оқибатини билиб туриб, ўз-ўзидан дарахтларни кесгани жуда ачинарли. Ушба кесилган 109 туб дарахт кесилиши оқибатида мутасаддига фақатгина 2 миллион 245 минг сўм жаримага тортиляпти, ваҳоланки, табиатга сал кам 300 миллион зарар келтирилган”, дейди қўмита раисм.
Унинг сўзларига кўра, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган. Сурхондарё вилояти прокуртураси бу ишни назоратга олган.
Мазкур жиноятни содир этган участка бўлим бошлиғи Ж.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Масъул базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари, яъни 2 млн 245 минг сўм миқдорида жарима солинган. Ўсимлик дунёсига 329 миллион 157 500 сўм зарар етказилгани ҳақида маълум қилинганди.
Маълумот ўрнида, Президентнинг тегишли Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган.
Шундан сўнг, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида белгиланган.
Лойиҳада мораторийни узайтириш кенг жамоатчилик таклифи экани таъкидланган.
Унга кўра, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилган.
Жорий этилган мараторий даврида сал кам 136 нафар мансабдор шахсларга нисбатан жарима жазоси қўлланилган.
LiveБарчаси