Президент ўқитувчилар учун янги имкониятларни эълон қилди
Жамият
−
15 Сентябрь 24015 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан қилаётган мулоқотда педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди.
Ташаббуслар қуйидагича:
- Янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади;
- келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади;
- ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади;
- келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;
- фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади;
- бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади;
- дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади;
- рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма берилади.
Олий таълимдаги ислоҳотлардан асосий мақсад – Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш экани таъкидланди. Масалан, ҳозирда 4 та олийгоҳ дунёдаги ТОП-мингталикка кирган. Яқин йилларда уларнинг сони 10 тага етказилади.
Шу билан бирга, олийгоҳларимизда хорижий ТОП-500 талик университетлар билан ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади. Бундан ташқари, чет элдаги ТОП-100 таликка кирган олийгоҳларнинг филиаллари очилади.
Бу мақсадларга эришиш учун келгуси йилда 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар, 500 та нуфузли олийгоҳ ректорлари, 1 мингдан ортиқ халқаро экспертлар иштирокида Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилади. Хорижлик талабалар сони 5 баробарга оширилиб, таълим экспорти 200 миллион долларга етказилади.