Президент тадбиркорларни суюнтирадиган фармонни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистонда жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда келтирилган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими жорий этилади. Электрон тизимда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади. Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилмайди.

Шунингдек, ушбу вақтдан бошлаб фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузганлик, мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳамда ходимлар сонини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

2025 йил 1 мартдан бошлаб эса судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузгани сабабли тугатилганда, давлат божининг биринчи инстанция судида – 70 фоизи, апелляция ва кассацияда – 30 фоизи қайтариб берилади.

Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий этилади. Бунда текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда, текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида Бизнес-омбудсман хабардор этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев тадбиркор Бизнес-омбудсман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг