Президент “Таълим тўғрисида”ги қонунни имзолади
Жамият
−
24 Сентябрь 2020
14928Ўзбекистон Республикаси Президенти “Таълим тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қонунга мувофиқ, таълим турлари қуйидагилардан иборат:
• мактабгача таълим ва тарбия;
• умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
• профессионал таълим;
• олий таълим;
• олий таълимдан кейинги таълим;
• кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
• мактабдан ташқари таълим.
Умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олади.
Ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилади.
Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.
Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул амалга оширилади.
Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.
Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.
Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилади.
Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилади.
Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади.
Шунингдек, мазкур Қонун билан,1997 йил 29 августдаги “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонунлар ўз кучини йўқотди.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LiveБарчаси