Президент спортга оид янги қарорни имзолади
Жамият
−
11 Апрель 2022
142412022 йилдан ҳар йили 30 июнь куни Ўзбекистонда 5 босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг бугун, 11 апрель куни қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарор билан оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, оилавий спорт рағбатлантирилади, оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.
2022 йилдан ҳар йили 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрда ўтказиладиган “Ёшлар форуми” доирасида футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича 5 босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилади.
1-босқичда – кўчалараро маҳалла мусобақалари;
2-босқичда – маҳаллалараро сектор мусобақалари;
3-босқичда – сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари;
4-босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари;
5-босқичда – вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақалари.
Ушбу мусобақалар 5 босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилади.
2023 йил 1 мартдан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича 3 босқичли умумреспублика спорт мусобақалари ўтказилади.
Юқоридаги мусобақалар ғолибларини тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга қуйидаги малака тоифалари тўғридан-тўғри берилади:
• туман (шаҳар) босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси;
• вилоят босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси;
• республика (финал) босқичида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – олий малака тоифаси.
LiveБарчаси