Президент лой кечиб “Сардоба” сув омбори яқинидаги маҳаллаларни айланди

Жамият 27334
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Сардоба” сув омборининг ёрилиши ортидан келиб чиққан фавқулодда ҳолатнинг бартараф этилиши билан боғлиқ жараёнлар билан танишиш учун Сирдарё вилоятига боргани ҳақида хабар берган эдик. 

Давлат раҳбари кеча сув тошқинига дуч келган қишлоқларда бўлиб, ҳудудни тозалаш, инфратузилма объектларини тиклаш, аҳоли учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берган.

Президент Матбуот хизматининг хабар беришича, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Сув хўжалиги вазирликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари натижасида бу йўналишда жадал ишлар олиб борилмоқда. Тошқин туфайли ҳосил бўлган чиқиндилар йиғиштирилиб, ҳудуд дезинфекция қилинмоқда. Ўт ўчириш машиналари ёрдамида кўлмаклардаги сув тортиб олинмоқда. Йўллар очилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тикланмоқда.

Натижада бугун айрим маҳаллаларда оилалар ўз уйларига қайта бошлади. Бошқа жойларда тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда. Яқин вақтларда уларда ҳам зарур шароитлар яратилиб, ҳаёт яна ўз изига тушади.

Президент Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласини бориб кўрди. Ҳукумат комиссияси мутасаддилари амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 530 та хонадон бўлиб, 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд сув тошқинига биринчи бўлиб дуч келган, одамлар тезкор равишда хавфсиз жойларга кўчирилган эди.

Катта куч ва техника воситалари, аскарлар, ходимлар жалб қилиниб, амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида табиий офат оқибатлари бартараф этиляпти, одамлар ўз уйларига қайта бошлади.

Давлат раҳбари шундай уйлардан бирига кириб, хонадон эгаларидан ҳол-аҳвол сўради. Барча қатори уларга ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслигини яна бир бор таъкидланган. 

Шавкат Мирзиёев қадрдон маконига қайтган маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 846
Рейтинг: 3.1
t
×