Президент халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантиришга оид фармонни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Қуйида мазкур фармоннинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони

Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5538-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) Ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш;

халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш;

халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш;

ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш;

давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш;

ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

халқ таълими тизимида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш;

б) Ўзбекистон Республикасининг халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си (кейинги ўринларда – “Йўл харита”си) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Концепция тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлар ва асосий йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар йили алоҳида тасдиқланадиган “Йўл харита”си орқали босқичма-босқич амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига:

ҳар йили 1 декабрга қадар ўтаётган йил бўйича тасдиқланган “Йўл харита”сини пухта ўрганиш асосида келгуси йил учун “Йўл харита”си лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

“Йўл харита”ларининг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг юритиш ва унинг натижаларини ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб бориш вазифалари юклансин.

3. Қуйидагилар мазкур Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

республика бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимовга – Концепция ва “Йўл харита”сини ижро этиш юзасидан масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини самарали ташкил қилиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш, “Йўл харита”лари бажарилиши юзасидан ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига – Концепция ва “Йўл харита”сида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматовга – Концепциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ҳамда мавзуга оид кўрсатувлар ташкил этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 29 апрель 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Халқ таълими вазирлиги

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг