Президент қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга муросасиз бўлишини айтди
Жамият
−
18 Август 2023
6974Бугун, 18 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга алоҳида мурожаат билан чиқди.
Давлат раҳбарига кўра, сўнгги етти йилдаги солиқ ислоҳотлари, тадбиркорларга тақдим этилган енгиллик ва имтиёзлар натижасида уларнинг ихтиёрида 120 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди. Мана бугун ҳам жуда катта қулайликлар берилмоқда.
“Халқимизда “қарс икки қўлдан чиқади”, деган гап бор. Ҳозирги кунда мамлакатимизда “хуфиёна иқтисодиёт”нинг улуши 40 фоиз атрофида. Биз тўғри ишлаётган, иш ўрни яратаётган, илғор технологиялар жорий қилиб, янги маҳсулотларни ўзлаштираётган, экспортини ошираётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни қилиб беришга тайёрмиз. Лекин солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга биз албатта муросасиз бўламиз. Шу боис тадбиркорларимиз ўзлари ҳам бош бўлиб, бундай “нопок” ишбилармонлар сафларида бўлишига йўл қўймаса, ўйлайманки, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини карра-карра қисқартирамиз”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, йиғилишда Президент келгуси йиллар учун белгилаб олинган режа ва дастурларни амалга ошириш осон бўлмаслиги, лекин ҳаёт синовларида тобланган, сўзида ҳам, ишида ҳам қатъий, мард ва ташаббускор тадбиркорлар бор экан, кўзланган марраларга албатта эришилишига ишонч билдирган.