Президент Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раисини қабул қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошановни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, бугун, 26 октябрь куни Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган. Кошанов учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбарига қозоғистонлик мавқедоши Қосим-Жомарт Тўқаевнинг саломини етказган. Сўнг эса икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. 

Сухбатда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилган. Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бормоқда, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, логистика ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси ўртасидаги Парламентлараро кенгашнинг бугун бўлиб ўтган биринчи йиғилишининг самарали натижаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Шунингдек, олий даражадаги келишувларни сўзсиз бажариш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида яқин парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш кераклиги қайд этилган. 

Қонун ижодкорлиги фаолияти соҳасида, ўз-ўзини бошқариш органларини ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида тажриба алмашиш, шу жумладан ёш депутатлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олинган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахти Остонага бориши режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қосим-Жомарт Тўқаев Ерлан Кошанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг