Президент қишки спортни ривожлантиришга доир қарор имзолади
Жамият
−
05 Февраль 2020
3599Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Юртимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг қишки спорт турлари билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилма яратиш, мамлакат спортчиларининг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қишки спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш борасида бир қатор қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати вужудга келмоқда. Жумладан:
жойларда қишки спорт турлари бўйича мусобақаларнинг тизимли ўтказилишини йўлга қўйиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олишнинг (селекция) самарали ва шаффоф тизимини яратиш, терма жамоалар таркибини сифатли шакллантириш учун юқори малакали спортчилар захираси тайёрланишини таъминлаш;
қишки спорт турларини ривожлантириш учун замонавий моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган спорт анжомлари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш;
қишки спорт турлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратиш;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қишки спорт турлари бўйича замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмани яратиш бўйича нодавлат сектор билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш.
Қишки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, Ўзбекистон спортчиларини халқаро спорт мусобақалари, шу жумладан, Пекин шаҳрида (Хитой) 2021 йилда бўлиб ўтадиган қишки Осиё ўйинлари ҳамда 2022 йилда ўтказиладиган XXIV қишки Олимпия ўйинларига тайёрлаш ва ушбу мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020–2023 йилларда ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури доирасида назарда тутиладиган маблағлар;
спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, жамғармалар, спорт федерациялари (уюшмалари), клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. 2023 йил 1 январга қадар Қишки спорт турлари ассоциацияси, Ўзбекистон хоккей федерацияси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, қишки спорт турлари бўйича профессионал клублари ва нодавлат болалар спорт мактаблари:
мол-мулк солиғи ҳамда жалб қилинган хорижий спортчилар ва мутахассисларнинг даромадларига ижтимоий солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўлайди;
қишки спорт турлари бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситалари, шу жумладан, махсус транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.
Белгилансинки, мазкур банднинг учинчи хатбошидаги имтиёз ва шартлар Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳам татбиқ этилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг:
2020 – 2023 йилларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳудудларда халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий спорт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган енгил конструкцияли ёпиқ муз қопламали майдонларни қуриш;
қишки спорт турлари бўйича хорижий мутахассис ва тренерларни ишга жалб қилиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида белгиланган тартибда хизмат уйлари сифатида уй-жой ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этиладиган ёпиқ муз қопламали майдонларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари мажбурий тартибда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат таълим йўналишига 2020/2021 ўқув йили учун ажратилган қабул параметрларини йўналишлар бўйича тақсимлашда қишки спорт турлари учун ўрин ажратилишини таъминласин;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қишки спорт турлари кафедрасини ташкил қилсин;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда 2020 йилнинг якунига қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги “Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази” давлат корхонасининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Белдирсой” спорт базасида халқаро ва республика даражасидаги мусобақаларни ўтказиш учун енгил конструкцияли бино ва иншоотлар барпо этиш, йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, дор йўлини замонавий анжом, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш ишларини амалга оширсин;
Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси ва Ўзбекистон хоккей федерацияси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг хорижда таълим олиш, стажировкадан ўтиш ва малака ошириш дастурлари бўйича очиқ стипендия танловларида қишки спорт турлари бўйича профессор-ўқитувчилар таркиби ва тренерларнинг фаол иштирокини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чимён қишлоғида жойлашган “Пахтакор” спорт базасини реконструкция қилиш ишларини тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ 2020–2021 йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда зарур марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимити белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳа учун малакали тренерларни тайёрлаш муаммоларига бағишланган давлат илмий-техник дастурлари доирасида 2020–2021 йилларга мўлжалланган илмий-амалий лойиҳалар танловини ташкил қилсин.
8. Қишки спорт турлари ассоциацияси, Ўзбекистон хоккей федерацияси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, қишки спорт турлари бўйича профессионал клублар ва нодавлат болалар спорт мактабларига олти ойдан кўп бўлган муддатга тузилган шартномалар асосида жалб қилинган хорижий спортчилар ва мутахассислар Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти деб ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги тизимидаги “Оромгоҳ” давлат унитар корхонасининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чимён қишлоғида жойлашган иккита дор йўли ҳамда чанғида учиш трассасини тегишли ҳудуди билан биргаликда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги иккита дор йўли ҳамда чанғида учиш трассасини белгиланган тартибда топширилишини, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қабул қилиб олишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов – қишки спорт турлари бўйича замонавий спорт иншоотларини барпо этиш ва инфратузилмани ривожлантириш чораларини кўрсин (шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида), ушбу қарорда белгиланган вазифаларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш учун алоқадор вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирсин, ҳар ойда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Ҳ.Набиев – Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин, спортнинг мазкур турлари бўйича фаолият олиб бораётган нодавлат ташкилотлар (федерациялар, ассоциациялар ва бошқалар) билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйсин, Дастурда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари – маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектларига, ташкилотларга жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш мажмуалари ҳамда спорт иншоотларини қуриш учун ер участкаларини белгиланган тартибда ажратсин, ҳудудларда қишки спорт турларини ривожлантириш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – Дастурда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев – қишки спорт турларини оммалаштиришга қаратилган мақолалар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2020 йил 4 февраль
LiveБарчаси