Президент қарори билан янги агентлик ташкил этилди

Жамият 1980
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Қарор билан Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

суғурта бозорининг ишлаши ва унинг профессионал иштирокчилари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан, суғурта фаолияти соҳасидаги статистик ва молиявий кўрсаткичларни мунтазам эълон қилиш йўли билан таъминлаш;

суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, чет элда, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш;

суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти, суғурта захираларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбурий норматив ва талабларни белгилаш, шунингдек, самарали суғурта фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган норматив ва талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш, актуарийлар фаолиятини сертификатлаш;

суғурта бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, масофавий назорат қилиш ва тезкор онлайн-мониторингини олиб бориш бўйича интеграциялаштирилган ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган анъанавий турларини ривожлантиришга ва янги турларини жорий қилишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш;

хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш.

Белгиланишича:

Агентлик суғурта бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш қисмидаги барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Агентликни сақлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

Агентликка Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади;

Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади;

Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизими бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 28 бирлик этиб белгиланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 5
Рейтинг: 2.9
t
×
×