Президент гематологияга доир қарорни имзолади

Жамият 3069
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасида аҳолига қулай ва сифатли бирламчи тиббий-санитария, тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу касалликлар профилактикасини кучайтириш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Аҳолига гематологик ёрдам кўрсатишни янги босқичга кўтариш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизимини янада ривожлантириш, соҳага илғор ташхис усулларини жорий этиш ва гематологик касалликларни даволашда трансплантация усулини ривожлантириш, гематология ва трансфузиология хизматларининг моддий-техник базаси ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни даволашни молиявий томондан қўшимча қўллаб-қувватлашни ташкил этиш мақсадида:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

гематологик касалликларга ташхис қўйиш учун тиббиёт муассасаларининг лабораторияларини реагентлар билан таъминланганлик даражасини 7,5 баробарга ошириш;

республика ва ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематологик касалликларини даволаш учун зарур бўлган дори воситалари билан таъминланганлик даражасини 2020 йилда 6 баробарга ва кейинги йилларда босқичма-босқич ошириб бориш;

миелома ва лимфома касаллигига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралари трансплантациясини ўтказиш;

трансфузиология (қон билан ишлаш) хизмати моддий-техника базасини яхшилаш, қон компонентлари ва препаратларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш.

Дастурга мувофиқ гематология хизматини ривожлантириш учун 546,5 миллиард сўм ва 70,7 миллион АҚШ доллари ажратилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Гематология ва трансфузиология хизматларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ва кейинги беш ўқув йили давомида “Гематология ва трансфузиология” мутахассислиги йўналиши бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни давлат грантлари асосида тайёрлаш;

ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематолог ва лаборант шифокорларини асосий иш жойларида ойлик маоши сақлаб қолган ҳолда республиканинг етакчи тиббиёт муассасаларида стажировка ўтиши ва малака оширишини ташкил этиш;

гематология йўналиши бўйича кадрларни хорижий олий таълим ва илмий муассасаларнинг клиник ординатура (резидентура), магистратура ва докторантура босқичларида тайёрлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти негизида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказини (кейинги ўринларда – Марказ);

Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари катталар ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ўрин-жойлар сонини ошириш ҳисобига гематология бўлимларининг катталар ва болалар учун мўлжалланган ўрин-жойларини мос равишда 20-30 тага етказиш ҳамда Тошкент шаҳридаги тегишли тиббиёт муассасасида 20-30 ўринли катталар бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Марказ:

Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ташкилотларининг гематология бўлимлари фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилади;

б) 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Марказга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини юритиш билан боғлиқ амалдаги тартиб татбиқ этилади.

5. Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Чилонзор туман газ таъминоти филиалининг Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 5-мавзе, 55-а уйда жойлашган бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Марказ инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Марказга бепул ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Чилонзор туман газ таъминоти филиалига тегишли ер майдони ажратилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар Марказга янги бино қуриш ва мавжуд биноларни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш чораларини кўрсин.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан Марказнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга зарур маблағлар ажратиш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг асосий параметрларига Марказга янги бино қуриш ва мавжуд биноларни реконструкция қилиш лойиҳасини киритиш бўйича белгиланган тартибда тегишли ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

9. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

•    Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи йиғим суммасининг 7 фоизи;

•    Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

•    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

•    қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

10. Белгилансинки:

а) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ташхис қўйиладиган ва даволанадиган онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади;

б) Жамғарма маблағларидан:

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олишда;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишда;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг юқори технологик ташхис ва тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун фойдаланилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Жамғарма тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда Жамғарма маблағларини сарфлашнинг аниқ ва шаффоф тартиби, унинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисобот бериш, ошкоралик ва холисликни таъминлаш масалаларини назарда тутсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда:

Марказнинг тузилмаси ва уставини;

республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажми ва тури бўйича гематологик тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини;

мутахассисларнинг функционал вазифаларини ҳамда гематолог кабинети ва бўлимини жиҳозлаш стандартларини тасдиқласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг ҳар йилги параметрларини шакллантиришда ушбу қарор билан тасдиқланган тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни назарда тутсин;

Жамғармага белгиланган миқдордаги маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан йўналтирилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва халқаро ҳукумат молиявий ташкилотларининг имтиёзли кредитлари (қарзлари) ва грантларини жалб қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов – мазкур қарорнинг ўз вақтида сифатли ва тўлиқ ижро этилишини таъминласин, унда кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун масъул вазирлик, идоралар ва ташкилотлар фаолиятини самарали мувофиқлаштирсин, уларнинг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини ҳар чоракда қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров – мазкур қарор билан белгиланган тегишли чора-тадбирларни тўлиқ ҳажмда молиялаштирилишини таъминласин, ажратилаётган бюджет маблағларининг самарали фойдаланиши устидан назорат ўрнатилишини ташкил қилсин;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шадманов – аҳолига гематологик ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, касалликлар профилактикаси, эрта ташхис қўйиш ва даволаш чораларини такомиллаштирсин, Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминласин ҳамда мазкур қарор ижроси бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Б.М.Низамов – Марказга янги бино қуриш ва мавжуд биноларни реконструкция қилиш, гематология ва трансфузиология хизматларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда харид қилиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласин ҳамда соҳага халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грант маблағларини кенг жалб қилсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев – ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2020 йил 10 февраль

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3
t
×