Президент “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунни имзолади

Жамият 7514
image

Жорий йилнинг 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Унга кўра, деҳқон хўжалиги мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига берилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ва реализация қилишни деҳқон хўжалиги аъзоларининг шахсий меҳнати асосида амалга оширувчи хўжаликдир.

18 ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилган Ўзбекистон фуқароси ёки республика ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади, улардан деҳқон хўжалиги ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилиши керак. Шунингдек ер участкаси асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг қатор ораларига экиш ёки асосий ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини навбатлаб экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

Фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан деҳқон хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми оралиқ қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бинолар ва иншоотларни, шу жумладан ер ости иншоотларини қуриш тақиқланади, бундан енгил конструкцияли иссиқхоналарни ва бошқа иморатларни, шунингдек суғориш иншоотларини қуриш мустасно. Деҳқон хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ихтисослашувга кўра амалга оширилмаган тақдирда, ер солиғи уч баравар миқдорда ундирилади.

Деҳқон хўжалиги:

  • Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирма асосида ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қўшимча ҳужжатларсиз (рухсатномаларсиз) республика ҳудудида эркин ташиш ва реализация қилиш ҳуқуқига эга;
  • ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини даласида, деҳқон бозорларида ва савдо марказларида, шунингдек аҳоли пунктларида сайёр савдо ташкил этиш йўли билан қўшимча рухсатномаларсиз (лицензияларсиз) реализация қилиш ҳуқуқига эга;
  • ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нақд пулга ёки банк карталари бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали чекловларсиз реализация қилиш ҳуқуқига эга. Бунда деҳқон хўжалиги хўжалик юритувчи субъектлар учун касса операциялари қоидаларида назарда тутилган ҳисоб юритиши шарт эмас.

Деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмайди.

Деҳқон хўжалиги ўз фаолияти натижаларининг ҳисобини юритади ҳамда белгиланган шаклдаги маълумотномани деҳқон хўжалиги жойлашган ердаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ҳисобот давридан келгуси йилнинг 15 мартига қадар тақдим этади. Унда йил давомида ер участкасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмлари, шунингдек иссиқхоналар сони тўғрисидаги ахборот кўрсатилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 290
Рейтинг: 3
t
×