Президент Бош вазирга янги вазифа юклади
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
9998Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 17 сентябрь куни саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу йиғилишда Президент Бош вазир Абдулла Арипов ва Ҳисоб палатаси раҳбарига янги вазифа юклади.
Йиғилишда Ўзбекистон саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кескин кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Жорий йилда ҳудудий импорт ўсиши тармоқлардагига нисбатан 2 баробар юқори бўлиши кузатилмоқда. Бу ҳудудларда ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш учун катта эҳтиёж борлигини яққол кўрсатади.
Масалан, яқинда соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тўртта шаҳарга бориб, Ангренда 38 та, Навоийда 13 та, Наманганда 29 та ва Чирчиқда 18 та янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини шакллантирди.
Шу тартибда ҳар бир ҳудуд бўйича маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Тайёр ер майдонлари, бинолар ва инфратузилмага эга бўлган кичик саноат зоналари бу борада катта имконият яратади. Лекин мамлакатдаги 156 та ана шундай зонадаги лойиҳаларнинг атиги 13 фоизи маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган. 80 та шаҳар ва туманда бирорта ҳам мазкур турдаги ҳудуд ташкил қилинмаган.
Мутасаддиларга барча кичик саноат зоналарида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш, ўша 80 та шаҳар ва туманда шундай зоналар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Импорт қилинаётган технологик ускуналардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Чунки жойларда четдан валютага олиб келинган технологиялар ишлатилмай турган кўплаб ҳолатлар аниқланган. Бунга ер ажратиш, қурилишга рухсат бериш, коммуникация тармоқларига улаш каби масалалар тўсиқ бўлган.
Давлат раҳбари ускуналар харид қилган тадбиркорлар муаммоларини тезда ҳал этиш, режалаштирилган корхоналарнинг ишлаб кетишига кўмаклашиш бўйича қатъий топшириқлар берди. Бизнес-омбудсманга импорт қилинган технологик жиҳозларни ишга туширишгача бўлган барча жараённи туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида мувофиқлаштириш тавсия этилди.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда етакчи бўлган йирик лойиҳаларни ўз муддатида амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, “Навоийазот” негизида 100 минг тонна поливинилхлорид, Тошкент металлургия заводида 500 минг тонна металл прокати, Шўртан газ-кимё мажмуасида 744 минг тонна дизель ёқилғиси, Тошкент механика заводида маиший техника ишлаб чиқариш кластери, “Кварц”, “Сирдарё Гласс” ва “Зарафшон ойна” корхоналарида ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари йилига 2,5 миллиард доллар миқдорида маҳаллийлашган маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Бундан ташқари, уларнинг атрофида бошқа кичик ишлаб чиқаришлар ҳам ривожланади ва янги иш ўринлари яратилади.
Бош вазир ва Ҳисоб палатаси раҳбарига ушбу йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
LiveБарчаси