Президент саноатни ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди
Жамият
−
17 Сентябрь 2019
7944Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 17 сентябрь куни саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатда фаол инвестиция сиёсати юритилаётгани, ташқи савдо ва валюта операциялари эркинлаштирилгани натижасида соғлом рақобат муҳити, ҳақиқий бозор иқтисодиёти шаклланмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
“Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритишимиз зарур. Мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш ушбу саноат сиёсатининг негизи бўлиши керак”, деди давлат раҳбари.
Президентнинг жорий йил 24 августдаги қарорида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш белгиланган эди. Йиғилишда ушбу тизимнинг самарали ишлашини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга қаратилган энг муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Тармоқлар ва йирик корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинар экан, жорий йилнинг ўтган даврида янги лойиҳалар доирасида бор-йўғи 1 миллиард долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилгани қониқарсиз деб баҳоланди. Бу борадаги ишлар суст ташкил этилган “Ўзмахсусмонтажқурилиш” акциядорлик компанияси, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти каби корхоналар фаолияти танқид қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалий чоралар кўриш, электрон кооперация порталини тезроқ ишга тушириб, саноат маҳсулотлари етказиб бериш шартномаларини электрон тузиш кўламини кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кескин кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Жорий йилда ҳудудий импорт ўсиши тармоқлардагига нисбатан 2 баробар юқори бўлиши кузатилмоқда. Бу ҳудудларда ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш учун катта эҳтиёж борлигини яққол кўрсатади.
Масалан, яқинда соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тўртта шаҳарга бориб, Ангренда 38 та, Навоийда 13 та, Наманганда 29 та ва Чирчиқда 18 та янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини шакллантирди.
Шу тартибда ҳар бир ҳудуд бўйича маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Тайёр ер майдонлари, бинолар ва инфратузилмага эга бўлган кичик саноат зоналари бу борада катта имконият яратади. Лекин мамлакатдаги 156 та ана шундай зонадаги лойиҳаларнинг атиги 13 фоизи маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган. 80 та шаҳар ва туманда бирорта ҳам мазкур турдаги ҳудуд ташкил қилинмаган.
Мутасаддиларга барча кичик саноат зоналарида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш, ўша 80 та шаҳар ва туманда шундай зоналар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Импорт қилинаётган технологик ускуналардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Чунки жойларда четдан валютага олиб келинган технологиялар ишлатилмай турган кўплаб ҳолатлар аниқланган. Бунга ер ажратиш, қурилишга рухсат бериш, коммуникация тармоқларига улаш каби масалалар тўсиқ бўлган.
Давлат раҳбари ускуналар харид қилган тадбиркорлар муаммоларини тезда ҳал этиш, режалаштирилган корхоналарнинг ишлаб кетишига кўмаклашиш бўйича қатъий топшириқлар берди. Бизнес-омбудсманга импорт қилинган технологик жиҳозларни ишга туширишгача бўлган барча жараённи туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида мувофиқлаштириш тавсия этилди.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда етакчи бўлган йирик лойиҳаларни ўз муддатида амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, “Навоийазот” негизида 100 минг тонна поливинилхлорид, Тошкент металлургия заводида 500 минг тонна металл прокати, Шўртан газ-кимё мажмуасида 744 минг тонна дизель ёқилғиси, Тошкент механика заводида маиший техника ишлаб чиқариш кластери, “Кварц”, “Сирдарё Гласс” ва “Зарафшон ойна” корхоналарида ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари йилига 2,5 миллиард доллар миқдорида маҳаллийлашган маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Бундан ташқари, уларнинг атрофида бошқа кичик ишлаб чиқаришлар ҳам ривожланади ва янги иш ўринлари яратилади.
Бош вазир ва Ҳисоб палатаси раҳбарига ушбу йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилар экан, бундай лойиҳаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик бериш ва кредит фоиз ставкасини қисман қоплаш тизимидан самарали фойдаланиш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, божхона тўловларини 120 кунгача узайтириб тўлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирган корхоналарнинг тайёр маҳсулотларини сертификатлаш ва стандартлаштириш масалаларида кўмаклашиш мумкинлиги қайд этилди.
Давлат харидларида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва рағбатлантириш, ташқи савдони тариф усули билан бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам устувор вазифалар белгиланди.
Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.