Президент бошчилигидаги селекторда коррупцияда айбланиб ушланган мансабдорлар ҳақида маълумот берилди

Жамият

image

Президент бошчилигидаги селекторда коррупцияда айбланиб қўлга олинган мансабдорлар ҳақида маълумот берилди

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган йиғилишда коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда охирги олти ойда бу йўналишда олиб борилаётган кескин кураш ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Кўрилган чоралар натижасида бир қатор мансабдор шахслар қўлга олинган бўлиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ҳамда тегишли жазо чоралари белгиланиши кутилмоқда.

"Кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскирган. Улар мураккаб, тушунарсиз ёзилган. Бу эса коррупцияга йўл очиб берган. Бугун тизим тамомила ўзгариши керак. Асосий мақсад ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлашдир", деди Шавкат Мирзиёев.

Жумладан, Қибрай тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж.Машрабов 2020 йилнинг 11 июнь куни Қибрай туманидан 9 гектар бўш ер майдонини 60 минг АҚШ долларига сотишни таклиф қилиб, 35 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги капитал қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Алламуратов Чилонзор туманидаги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Х.Шукуралиевга 2020 йилнинг 25 июнь куни Чилонзор туманидаги 1 гектар ер майдонини 1 млн 400 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган.

Андижон вилояти, Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси У.Алижонов 2020 йилнинг сентябрь ойида яқин алоқалари орқали Марҳамат тумани ҳудудидан 11 га ер майдони ажратиш учун жами 29 000 АҚШ доллари миқдоридаги ноқонуний пулни олаётган вақтда жиноят устида ушланган.

Фарғона вилояти, Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Деҳқанов жорий йилнинг октябрь ойида Бувайда туманида жойлашган “Эркин иқтисодий ҳудуд”дан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 50 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари  А.Тўймачов, Кадастр бўлими бошлиғи И.Қорабоев билан биргаликда 2020 йилнинг 18 март куни Оққўрғон туманида жойлашган 1,5 га ер майдонини 1500 АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари З.Мирзахўжаев 2020 йилнинг октябрь ойида Бўстонлиқ туманида жойлашган 5 сотих ер майдонини 25 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

кадастр

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг