Президент Администрацияси номи билан пул ишламоқчи бўлган маҳкум ушланди
3-саҳифа
−
04 Декабрь 2021
11495Жиззах вилоятидаги 31-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган 28 ёшли йигит ўзини Президент Администрациясининг масъул ходими деб таништириб пул ишламоқчи бўлди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш департаменти (ЖИЭД ) Матбуот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Жиззах вилоятидаги 31-сон манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган 28 ёшли йигит, моддий бойлик орттиришни кўзлаб, Қашқадарё вилояти Электр тармоқлари корхонаси бошлиғига қўнғироқ қилиб, ўзини Президент Администрациясининг масъул ходими деб таништирган.
“Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тезроқ тадбир ўтказилиб, маҳкум Тиллаев далилий ашёлар билан қўлга олинган. Департамент томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 120-моддасига мувофиқ ашаддий тартиббузар деб топилгани учун унга нисбатан жазосининг ўталмай қолган 3 йил-у 5 ой 24 кунини манзил колониясидан умумий тартибдаги колонияга кўчириш жазоси қўлланилди”, дейди Зойир Йўлдошев.
Йўлдошевнинг маълум қилишича Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида туғилган маҳкум Тиллаевга йиллар давомида бир неча ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун маъмурий жарима, ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш каби жазо чоралари тайинганган. Маҳкум Темур Тиллаев сўнгги маротаба 2020 йил 24 август куни Чирчиқ шаҳар суди томонидан жиноят кодексининг 228-моддаси билан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.
"ЖИЭД ходимининг қўшимча қилишича Ижро қонунчилигига кўра енгиллаштирилган тартибдаги манзил колонияларида жазо муддатини ўтаётган шахслар қўл телефонидан фойдаланишлари мумкин. Бу эса инсонийлик тамойилларига кўра мазкур колониядаги маҳкумларнинг оз бўлса-да эркинлиги таъминлаб, уларга оиласи ва яқинлари билан тез-тез мулоқотда бўлиш имконини беради. Афсуски, ушбу имкониятдан нотўғри мақсадда фойдаланиб, жиноят содир этаётган маҳкумлар ҳам топилмоқда", дейилади департамент хабарида.
LiveБарчаси