Президент 852 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади 

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев анъанага кўра Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда бугун, 27 август куни “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар қилинди.

Манбага кўра, афв этилган 604 нафар маҳкум жазодан тўлиқ озод қилинади, 115 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилади. 52 нафар маҳкумнинг эса тайинланган жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. 81 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати қисқартирилади.

Қайд этилишича, фармон Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган жазо муддатини ўтаётган шахсларга нисбатан афв этиш чораси қўлланилган.

Шу билан бирга, афв этилганлар орасида 7 нафар чет эл фуқароси ҳамда 63 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ҳам бор. Бундан ташқари афв этилганларнинг 375 нафари ёшлар, 49 нафари аёллар, 37 нафари эса 60 ёшдан ошган эркаклардир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 523 маҳкумни афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг