Президент 8 та вилоят ва пойтахтда электр энергияси тежалмаганини танқид қилди 

Жамият

image

Республиканинг 8 та вилояти ва Тошкент шаҳри электр энергиясини тежаш режасини бажармаган. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Бухоро шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселекторда маълум қилинди.

Қайд этилишича, жаҳонда энергия ресурсларини тежаш масаласининг долзарблиги тобора ортиб бормоқда. Шу боис Ўзбекистонда “яшил энергетика”ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта марралар олинган.

Йиғилишда энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрель ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар олиб борилаётгани айтилди. Шу асосда 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинган. 

“Кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлгани йўқ, раҳбарлари эса “сўров бўлмаяпти” деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган”, дейди давлат раҳбари. 

Хусусан, Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион куб метр, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион куб метр газни кўп истеъмол қилгани маълум қилинган. 

Шунингдек, йиғилишда электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармагани ҳамда энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселекторда Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида дастлабки босқичда 10 йил муддатга ижарага берилган 73 минг гектар ер майдонининг ижара муддати 30 йилга узайтирилиши белгиланган эди. Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистонда 94 та туман ва шаҳар ўз аҳолисининг картошкага бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмаётгани ҳам танқид остига олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент электр энергияси яшил энергетика

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг