Президент 334 кишини афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади
Жамият
−
06 Декабрь 2023
8061Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан бугун, 6 декабрь куни “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилган.
“Афв этилган шахсларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 249 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди”, дейилади хабарда.
Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 23 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 88 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Қайд этилишича, ушбу фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.